Ўзбекистон ва Афғонистон АКТ вазирликлари ўртасида меморандум имзоланди
(last modified Wed, 04 Apr 2018 08:13:57 GMT )
апрел 04, 2018 13:13 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Афғонистон
    Ўзбекистон ва Афғонистон

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Афғонистон Ислом Республикасининг Коммуникация ва ахборот технологиялари вазирлиги ўртасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган «Стратегик ҳамкорлик бўйича англашув Меморандуми» имзоланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Кун.уз сайтига кўра, мазкур ҳужжатдан кўзланган бош мақсад - икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда телекоммуникация, ахборот технологиялари ва почта хизматларини ривожлантиришда тажриба алмашиш, алоқаларни кенгайтиришдан иборат. Меморандумда, шунингдек АКТ соҳасида техник ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Англашув меморандуми асосида томонлар ҳамкорликка оид меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштирадилар, ўзаро дахлдор бўлган телекоммуникация ва алоқа тармоқлари ҳамда почта алоқаси инфратузилмасини мақбуллаштириш чораларини кўрадилар. Хусусан, Марказий Осиёга Ўзбекистон орқали ўтадиган почта транзитининг фаолияти таъминланади. Шу билан бирга, томонлар АКТ соҳасининг турли йўналишларида рақобатбардошлиликни ошириш, «электрон ҳукумат» йўналишида ҳамкорлик қилишни келишиб олдилар.

Имзоланган Меморандум асосида афғонистонлик талабаларнинг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетларида таълим олишларини ташкил қилиш масаласи ҳам ўрганиб чиқилади.