Тошкентда ШҲТ давлатларига Афғонистондан хавф солаётган террорчиликка қарши кураш муҳокама қилинади
-
Тошкентда ШҲТ давлатларига Афғонистондан хавф солаётган террорчиликка қарши кураш муҳокама қилинади
5 апрелда Тошкентда ШҲТнинг минтақавий аксилтеррорчилик тузилмаси (ШҲТ МАТ) кенгаши йиғилишида Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти давлатларига Афғонистон ҳудудидан халқаро террорчилик гуруҳлари жангарилари томонидан билдирилаётган террорчилик таҳдидларига қарши кураш бўйича биргаликдаги чоралар ва ШҲТ давлатлари мутасадди идораларининг террорчилик, айирмачилик ва экстремизмга қарши курашдаги амалий ҳамкорлиги муҳокама қилинади.
Йиғилишда Ўзбекистон, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон вакиллари иштирок этишади. Ҳиндистон ва Покистон ШҲТнинг аъзолари сифатида ШҲТ МАТ кенгаши йиғилишида илк бор иштирок этади.
“Йиғилиш иштирокчилари ИШИД жангариларининг Яқин Шарқдан Афғонистонга кўчирилаётгани ортида Афғонистон ҳудудидан халқаро террорчилик гуруҳлари томонидан билдирилаётган таҳдидларнинг кўпаётгани мавзуси ва ШҲТга аъзо давлатлар мутасадди идораларининг бу таҳдидларга қарши курашдаги ҳамкорлигини муҳокама қилишади”, деб маълум қилинган ШҲТ МАТ ахборот марказида.
Бундан ташқари, йиғилишда ШҲТ давлатларининг 2019-2021 йиллар учун террорчилик, айирмачилик ва экстремизмга қарши курашдаги ҳамкорлик дастурлари лойиҳалари, ШҲТ МАТ ва БМТ Хавфсизлик кенгаши аксилтеррорчилик қўмитаси ижроия директорати ўртасидаги ҳамфикрлик ва ҳамкорлик меморандуми, ШҲТ давлатлари мутасадди идораларининг “Ҳизб-ут-Таҳрир ал Исломи” ташкилотига қарши курашдаги биргаликдаги ҳаракатлари алгоритмини тасдиқлаш, ШҲТ давлатлари ҳудудларидаги турмаларда жазо ўтаётган шахсларнинг террорчилик ва экстремистик ташкилотларга ёлланишига қарши биргаликдаги чораларни амалга оширишнинг бориши масалалари кўриб чиқилади.
Айни вақтда ШҲТ таркибига Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон киради. ШҲТнинг 2004 йилда ташкил этилган минтақавий аксилтеррорчилик тузилмаси Тошкентда жойлашган.