​Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида Кушон даврига оид қалъа қолдиқлари топилди
(last modified Mon, 16 Apr 2018 04:39:13 GMT )
апрел 16, 2018 09:39 Asia/Tashkent
  • Тахиатош туманида Кушон даврига оид қалъа
    Тахиатош туманида Кушон даврига оид қалъа

​Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳудудидан 2000 йиллик тарихга эга Кушон империяси даврига оид қалъа қолдиқлари топилди.

Кун.уз сайтига кўра,айни пайтда бу ерда таниқли археолог олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Ғайратдин Хўжаниязов раҳбарлигида вақтинчалик археологик ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори Есимқан Қанаатов Kun.uz'га маълум қилди. 

«Шу йил бошида, аниқроғи, 4 январь куни Тахиатош тумани ҳокимлигидан туман ҳудудидан эски кулолчилик идишлари топилгани ҳақида қўнғироқ қилиб айтишди. Шу куни топилган кўзаларни менга олиб келиб кўрсатишди. Эртасига ўша ерга бориб ҳудудни кўздан кечирдик. Ҳақиқатдан ҳам бу ерда эски тарих излари намоён бўлаётганди.

Қорақалпоғистонда чин маънода археология ишлари ўтган асрнинг 36-37 йиллари бошланган бўлса, шу кунгача Тахиатош тумани ҳеч бир археологнинг назарига тушмаган. Сабаби бу ерда кўзга кўриниб турган деворлар ёки қалъа қолдиқлари йўқ эди. Мана биз туман ҳокимининг илтимосига биноан бу ерда вақтинчалик археологик ишларини олиб бордик ва бу ердан ёши 1800-2000 йилларга бориб тақаладиган тарихий ёдгорликларни топдик»​, дейди археолог Ғ.Хўжаниёзов. 

Тахиатош туманининг «Кенегес» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан топилган қадимий қалъа маҳаллий аҳолини ҳам бефарқ қолдирмади. У ердан топилган эсдаликлар туман халқ таълими бўлимига қарашли 4-умумтаълим мактаби музейига топширилмоқда.

Мазкур музей 2010 йилда мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Аралбой Нуржановнинг ташаббуси ҳамда директори Гулшод Изтлеуованинг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилганди. Ҳозирда бу ерда 1500 дан зиёд экспонат сақланмоқда. Мўъжазгина музейда топилмалардан ташқари қадимий миллий либослар, тақинчоқлар, меҳнат қуроллари билан танишиш мумкин.