Қийноқ бўйича ўнлаб гувоҳ кўрсатма берса ҳам жиноий иш очилмади
(last modified Thu, 19 Apr 2018 07:41:10 GMT )
апрел 19, 2018 12:41 Asia/Tashkent
  • Қийноқ бўйича ўнлаб гувоҳ кўрсатма берса ҳам жиноий иш очилмади

Навоий шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланган 4 кишига нисбатан "даҳшатли" қийноқлар қўлланилгани ҳақида 34 гувоҳ кўрсатма берган. Бироқ прокуратура қийноқ ҳолатига кўз юмган ва жиноят иши очмаган. Эътиборли томони ушбу кўрсатмаларни махсус прокурор ёздириб олган.

Гувоҳлар 2017 йилнинг феврал, май ойларида Ҳасан Арзиев, Абдувоси Яхшимуродзода, Азамат Ғайбуллаев ва Жамшид Сайфуллаевларга нисбатан орган ходимлари қийноқ қўллагани ҳақида кўрсатма берган.

Гувоҳлар бу шахсларга орган ходимлари томонидан ухлашга рухсат берилмаганини ва 18 кун ухламасдан юрганига гувоҳ бўлганини айтган.

"Ҳасан деган йигит камерага келди. Бу йигитнинг фамилияси Арзиев эди. Бу йигитга ҳам ухлаш рухсат этилмади. Бу йигит ҳам ётмас эди. У жами бўлиб 18 кун ухламади", деб кўрсатма берган гувоҳлардан бири.

Ушбу кўрсатмалар махсус прокурор Раҳим Махамов томонидан ёздириб олинган.

Унда гувоҳлардан бири Ҳасан Арзиевни вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғининг хизмат хонасида ҳушсиз ётганини кўрганини ва уни кўтариб камерага олиб келишганини ёзган.

Яна бир гувоҳ камераси туйнуги орқали Азамат Ғайбуллаевнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи ўринбосари хонасига кириб кетганини ва у ердан калтаклар зарбидан юролмай қолганини ва икки киши кўтариб ўтганини кўрганини айтган.

"Бундай воқеа ҳар куни кечки тушликдан кейин содир бўлганини гувоҳи бўлганман", деган гувоҳлардан бири.

Гувоҳлар Азамат Ғайбуллаев калтаклар зарбидан кўзи кўрмай қолганини айтган.

Калтаклардан безор бўлиб кетган Абдувоси Яхшимуродзода 2017 йил феврал ойининг охирларида ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилади.

"Тахминан 2017 йил феврал ойининг охирларида Абдувоси Яхшимуродзода мен безор бўлиб кетдим, таёқ уришларининг азобига чидолмайман, деб мих билан ўнг ва чап қўлининг томирларини кесди. Ҳибсхона бошлиғининг ўринбосари Шохруз менга нима учун хонадошинг томирини кесади, нимага қарамадинг, деб юз қисмимга бир шапалоқ урди", деб ёзган гувоҳлардан бири.

Яқинларининг айтишича, 34 кишининг қийноқлар ҳақида кўрсатмаси бўлишига қарамасдан прокуратура ушбу далилларга кўз юмган.

Махсус прокурор Раҳим Махамов кўрсатмалар Бош прокуратурага юборилганини айтган. Бироқ қийноққа тутилганларнинг яқинлари бу кўрсатмаларнинг изсиз йўқолганини айтмоқда.

Диний экстремизмда айбланган қийноқ қурбонлари эса 6 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ёрлиқ