Даҳшат! Аёл икки ўғли ва ўзига ўт қўйди.
Болалар ўлди, аёл тирик.
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида яшайдиган 27 яшар аёл 15 апрель куни ўзи ва ухлаб ётган икки нафар ўғлига бензин сепиб, ўт қўйган.
Юз фоиз куйиш жароҳати олган болалар ўлган, аёл 80 фоизлик куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилган.
Аёл ва болаларни қутқаришга ҳаракат қилган эр 15 фоиз куйиш жароҳати олган.
Бу воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Шўрчи туманининг Наврўз маҳалласида яшайдиган 27 яшар С.Т. 14 апрелдан 15 апрелга ўтар кечаси ўзи ва фарзандлари уч яшар Шоҳруҳ, бир яшар Умарга бензин сепиб ўт қўйиб юборган.
Бу воқеани тасдиқлаган Сурхондарё вилояти прокуратурасининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, воқеа аёл ва унинг эри ўртасидаги жанжал оқибатида келиб чиққан:
“Воқеа 15 апрель куни ярим кечаси соат иккиларда содир бўляпти. С.Т. 25 яшар фуқаровий эри Н.О. билан ўзининг ижарада турган уйида жанжаллашиб қолган. Биринчи суриштирувларга кўра, жанжал рашк оқибатида келиб чиққан. Кейин аёл канистрада турган икки литр бензинни ухлаб ётган болалари ва ўзининг устига сепиб ёқиб юборган. Бу воқеадан хабар топган қўшнилар милиция ва ўт ўчирувчиларга дарҳол хабар берган”, дейди мулозим.
Прокуратура терговчисининг айтишича, бу иш юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг қасддан одам ўлдириш ва ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган:
“Икки бола воқеанинг эртаси куни касалхонада жон берди, чунки куйиш даражаси қарийб юз фоиз бўлган. Онаси 80 фоиз куйган ва у ҳозир касалхонада. Эркакнинг куйиш даражаси 15 фоиз ва у ҳам касалхонада. Терговчилар ҳозир суриштирув олиб боряпти”, деди прокуратура мулозими.
Наврўз маҳалласининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бирининг айтишича, аёл фуқаролик эрининг бошқа қизга уйланмоқчи эканлигини эшитганидан сўнг жанжал қилиб, ўзига ўт қўйган:
“Бу йигит бу аёл билан шаръий никоҳдан ўтиб, бирга яшаб юрарди. Мен олган маълумотга кўра, ҳали расман уйланмаган йигитнинг ота-онаси бошқа қизга уйлантирмоқчи бўлишган экан. Йигит шу ҳақда аёлга айтган ва у жанжал қилган. Ўша кеч иккисининг ўртасидан қандай гап ўтган, буни билмайман, лекин аёл рашк сабаб ўзи ва болаларнинг устига бензин сепиб ёқиб юборган”,дейди маҳалла фаоли.
Озодлик боғланган Шўрчи тумани касалхонасининг шифокорига кўра, аёлнинг аҳволи оғир:
“80 фоиз куйиш даражаси олган, аҳволи жуда оғир. Бошқа ҳеч нарса айтолмайман”, дейди касалхона шифокори.