20 йил эътикофда ўтирган отахон: Президент қариндошлар ўртасидаги силаи раҳмга сабабчи
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i32548-20_йил_эътикофда_ўтирган_отахон_Президент_қариндошлар_ўртасидаги_силаи_раҳмга_сабабчи
Мўйсафиднинг таъкидлашича, биз яшаб турган диёр узоқ йиллардан буён Ислом қуббаси бўлиб келганди.
(last modified 2018-08-22T13:24:51+00:00 )
апрел 22, 2018 09:48 Asia/Tashkent
  • 20 йил эътикофда ўтирган отахон: Президент қариндошлар ўртасидаги силаи раҳмга сабабчи

Мўйсафиднинг таъкидлашича, биз яшаб турган диёр узоқ йиллардан буён Ислом қуббаси бўлиб келганди.

Бир куни қадрдон танишим сўз орасида айтиб қолди: «олис қишлоқ, узоқ йўл юриб, Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманига борилса, у ерда бир мўйсафид кишига дуч келасиз». Маълум бўлишича, 94 ёшни қоралаб қўйган Файзуллоҳ бобо тумандаги «Миёна» масжидида эътикоф айлаб ўтирибди. Мана 20 йилдирки, қария ёлғиз Аллоҳ розилигини истаб, масжиддан чиқмай, куну тун тоат ибодатда.

Биз ана шу киши ҳақдаги маълумотлардан хабар топгач, зудлик билан Қашқадарё вилоятига ошиқдик. Буни қарангки, отахон суҳбатимизнинг бош сўзини Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга муносабат билдиришдан бошлади.

«Мен президентнинг нақадар катта савобли ишларга қўл ураётганини эшитиб, хурсанд бўлиб ўтираман. Уларнинг ҳақига дуо қиламан. 

Гап шундаки, бир неча ўн йил давомида қўшни Тожикистон билан алоқаларимизга совуқлик тушганди. Давлат раҳбари бир ташаббус билдирди, унинг ҳосиласи ўлароқ, қариндошлар ва яқин биродарлар яна дийдор кўришди. Бу Ислом динида жуда улуғланади. Аллоҳ у кишини яқин қариндошлар ўртасида силаи раҳмни яна мустаҳкам бўлишига сабабчи қилиб қўйибди. Албатта, қалби иймон нурига тўлган бу кишининг ишларидан мамнунман», дейди Файзуллоҳ бобо суҳбат бошида.

Мўйсафиднинг таъкидлашича, биз яшаб турган диёр узоқ йиллардан буён Ислом қуббаси бўлиб келганди.

«Атеистлар ёпирилиб келгач, бу юртда намоз ўқиш, ибодат қилиш айб санала бошлади. Мени ҳам жанозада иштирок этганим учун Сибирга сургун қилишди. Эҳҳ... Бу азоб, бу қийноқлар... Аллоҳга шукр, ўтиб кетди. Халқ манфаатини ўйлаб, эртамизни ўйлаб, яна ўтмишда боболаримиз қолдирган меросни ўрганишимиз керак. Ҳар бир болага диний билим беришда шарт-шароит яратиш лозим. Қалбида эътиқодни жо қилган кишидан ёмонлик чиқмайди, шундай экан, ёш авлодни тарбияли, интизомли ва меҳнаткаш бўлиб улғайишида ўз вазифамизни бажаришимиз лозим», деб сўзларини давом эттирди бобо.

                                                                                                                       Алишер Рўзиохунов