Ўзбекистон президенти Покистоннинг Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев 27 апрелда Покистон Ислом Республикасининг Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони генерал-лейтенант Камар Жавед Бажва бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.
Кун.уз сайтига кўра, Шавкат Мирзиёев меҳмонни қутлаб, ушбу учрашув Ўзбекистон ва Покистон ўртасида сўнгги йилларда жадал ривожланаётган, дўстлик, шериклик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тамойиллари, умумий тарих ва диний эътиқод, анъаналар ва маънавий қадриятлар муштараклигига асосланган кўп қиррали алоқаларнинг яна бир далили эканини алоҳида таъкидлади.
Турли даражадаги сиёсий мулоқотларнинг фаоллашгани қайд қилинди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайди: ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда, икки мамлакат компаниялари ва тадбиркорлари томонидан қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, фармацевтика, тўқимачилик, кўнчилик, озиқ-овқат ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида қўшма лойиҳалар тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда. Ўзбекистон-Покистон Ишбилармонлар кенгаши фаолият юрита бошлади.
Ўтган йилнинг апрель ойидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Тошкент – Лахор – Тошкент йўналиши бўйича парвозлари тикланди.