Туркия Президенти Ўзбекистон парламенти олдида чиқиш қилди
Кеча, куннинг иккинчи ярмида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Туркия раҳбари Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзлади.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз нутқида икки давлат ўртасидаги алоқалар ривожланиб, янги босқичга кўтарилгани, бугунги музокаралар уни янада бойитганини таъкидлади. Мамлакатлар томонидан танлаб олинган ривожланиш йўлини қатъий қўллаб-қувватлаган ҳолда, амалий ҳамкорлигимизни ҳар томонлама чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий алоқалар имкониятларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватлари, инфраструктура, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича ҳамкорликни янада жонлантириш ишларини амалга оширишга эътибор қаратилишини таъкидлади.