Демократия куртаклари: Сартарош аёл Ички Ишлар Вазирлигини судга берди
(last modified Thu, 03 May 2018 07:04:03 GMT )
май 03, 2018 12:04 Asia/Tashkent
  • Демократия куртаклари: Сартарош аёл Ички Ишлар Вазирлигини судга берди

ИИВ 24 ёшли сартарошга нима учун ОВИР бермаганини исботлолмаяпти

Ички ишлар вазирлиги Тошкентда ўтаётган маҳкамада икки сафардан бери нима сабабдан 24 ёшли Зарнигор Алимбековага чет элга чиқиш стикери (ОВИР) бермаганига ҳужжат ва асос келтира олмаяпти. Вазирликдан келган масъул фуқарога ОВИР берилмаслигига оид ҳужжат давлат сири эканлигини айтган.

Ҳужжатлар билан танишиш учун суд томонидан махсус сўровнома юборилиши кераклигини таъкидлаган.

5 йилдан бери ОВИР стикерини ололмаётган 24 ёшли сартарош Зарнигор Алимбекова Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бўлимини маҳкамага берган.

26 апрел куни Тошкент шаҳар маъмурий судида бўлиб ўтган маҳкамада ИИВ Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасидан икки нафар ходим жавобгар сифатида иштирок этган.

Зарнигорв Алимбекованинг ишончли вакили сифатида иштирок этган унинг онаси Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, вазирлик ходимлари икки сафардан бери судья Нилуфар Усмоновага нимага асосланиб ОВИР берилмаганига исбот келтира олмаяпти.

Вакиллардан бири катта инспектор Азиз Раҳматуллаев Зарнигор Алимбековага чет элга чиқиши тақиқи Ички ишлар вазирлиги томонидан қўйилмаганини айтган.

"Алимбековага биз томонимиздан тақиқ қўйилмаган. Ички ишлар вазирининг 233-сонли бўйруғи мавжуд бўлиб, мазкур буйруққа асосан 3-4 та вазирликлар, яъни Ички ишлар вазирлиги, Ташки ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Мудофа вазирлиги хорижга чиқиш истагида ариза -анкета берган фуқаронинг ҳужжатларини тафтиш қилади", - деган Азиз Раҳматуллаев.

Вазирлик масъулининг айтишича, юқорида номлари келтирган вазирликлардан бирортасида фуқаронинг чет элга чиқишига монеълик қиладиган факт бўлса, ўша вазирликдан таъқиқ қўйилганлиги хусусида расмий хат келади. Ўша хатга асосан фуқаронинг чет элга чиқиши учун паспортига стикер уриб берилмайди.

Судья Нилуфар Усмонова ИИВ масъулларидан Алимбековага қўйилган тақиқ нимага асосланиб қўйилгани борасида яна бир бор исбот талаб қилган.

"Бироқ вазирликдан келган инспекторлар бу нарсани давлат сири эканлигини айтиб, махсус ёзма сўров бўлмагунча тақдим қила олмаслигини айтди. Шунда судья уларга маъмурий судлар давлат сирлари билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишга ҳақли эканлигини ва қонун бўйича бу ҳужжатларни талаб қилиш учун сўров ёзиш эҳтиёжи йўқлигини айтди", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Малоҳат Эшонқулова судда иштирок этган ИИВ вакили Азиз Раҳматуллаевнинг кўрсатмаларидан унинг қизига тақиқни МХХ қўйган деган хулосага келганини айтади.

"Шундай десам, Раҳматуллаев мен сизга ундай деганим, йўқ деб туриб олди. Лекин ўзи санаб ўтган вазирликлар ичида фақатгина МХХ қизимга тўсқинлик қилиши мумкин. Сабаби ИИВ моънелик қилмаяпти, деб Раҳматуллаевнинг ўзи таъкидлади. Ташқи ишлари вазирлиги билан муаммо бор десак, қизим чет элда бўлмаган. Мудофаа вазирлиги монеълик қилган, десак қизим армияга ҳам бормаган. Фақат Миллий хавфсизлик хизмати қоляпти. МХХнинг номини айтишдан қўрқманг. Келиб жавоб берсин, у замонлар ўтди, дедим", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Судья Нилуфар Усмонова судни 3 майга қолдирган ва ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига сўнгги муҳлатни берган.

"Келаси пайшанба кунги мажлисга керакли ҳужжатларни олиб келмасанглар ҳам суд қарорини қабул қилавераман, деди судья", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистон ўз фуқароларига хорижга чиқиш учун рухсат берувчи дунёдаги икки давлатдан бири ҳисобланади.

Собиқ Совет тузумидан мерос бўлиб қолган ушбу тизим бунгача Кубада ҳам бор эди.

Кузатувчилар расмийлар ўзлари истамаган фуқаролар ва уларнинг яқинларига ОВИР стикерини бермаслик орқали босим ўтказишга ҳаракат қилишини таъкидлашади.

Бироқ Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларда ОВИР бутунлай йўқ бўлиши ва унинг ўрнига 10 йил муддатга бериладиган хорижга чиқиш паспортлари жорий қилиш назарда тутилган.

Расмийлар ушбу янги паспортлар 2019 йил январидан жорий қилиниши кераклигини айтган.