Шошилинч! Ироқ суди ўзбекистонлик аёлни умрбод қамоққа ҳукм қилди
29 апрелда Россия фуқаролигига эга 19 аёл умрбод қамоқ жазосини олганди.
Ироқ марказий суди турли мамлакатлардан келган саккиз аёлни ўзини Исломий Давлат деб атайдиган жангари ташкилотга аъзо деб топиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Улар орасида бир Ўзбекистон фуқароси ҳам бор. Аёлнинг исми-шарифи маълум қилинмаган.
Пайшанба куни бўлиб ўтган суд жараёнини кузатган AFP журналистига кўра, Ироқ Олий ҳакамлар кенгаши вакили, судья Абдел Саттор Байракдар бу ҳақида кенгаш интернет саҳифасида ҳам хабар қилди.
"Марказий жиноий суд турли мамлакатлардан келган саккиз нафар террорчини бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Уларнинг уч нафари Туркиядан, яна уч нафари Озарбайжондан, бири Ўзбекистон ва яна бири Суриядан", - деб айтган Байракдар.
Хабарларга кўра, апрель охирида Ироқ суди Россиялик 19 аёл, ҳамда Озарбайжон ва Тожикистондан келган 10 аёлни ИШИДга алоқадор дея бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилганди.
Россия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Ироқ турмаларида Россия фуқаролигига эга 50-70 аёл жазо ўтамоқда.