Фахриддин Тиллаев: Бармоқларимга игналар санчишди, электр ток қўллашди
Мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги мардикорлар ҳаққини ҳимоя қилиш билан шуғулланган мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоли Фахриддин Тиллаев 12 май куни муддатидан аввал озодликка чиқарилган. Тиллаев 2014 йил мартида одам савдосида айбланиб, 11 йиллик қамоққа ҳукм қилинган эди.
12 май куни тонгги 7:30да озодликка чиққан Фахриддин Тиллаевнинг айтишича, у Олий суднинг ажримига кўра, муддатидан аввал қамоқдан чиқарилган:
– “Сиз энди озодликка чиқарилдингиз” деб, менга таништириб, ўқитиб, қўл қўйдириб, кейин кўчага чиқариб юборишди, дейди Тиллаев.
2014 йилнинг 6 март куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туман жиноий ишлар бўйича суди ҳукмига кўра, Фахриддин Тиллаев 10 йилу 8 ойга ва у билан бирга судланган Нуриддин Жуманиёзов эса 8 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Маҳкама икки мухолифатчини одам савдосида айбдор деб топган.
Тиллаев билан бирга қамалган Нуриддин Жуманиёзов 2016 йилнинг 31 декабрида 68 ёшида қамоқда вафот этган.
Тиллаевнинг сафдошлари унга қўйилган айблов сохта эканини, қамоқ эса унинг сиёсий фаолияти учун жазо эканини таъкидлаб келди.
Халқаро ташкилотлар эса Тиллаевга қамоқда қўлланилган қийноқлар ҳақида ёзди.
– Менга қийноқлар бўлди. Судгача қийноқлар бўлди. Суддан кейин зонага боргандан кейин ҳам қийноқлар бўлди. Анча азоб-уқубат, давлениелар бўлди менга нисбатан. Масалан, мени бармоқларимга, оёқларимнинг орасига игналар санчишди. Совуқ ҳавода ташқарига чиқариб, қип-яланғоч қилиб, устимдан совуқ сувлар қуйишди. Баданларимга электр ток қўллашди. Оёқларимнинг остига трослар билан уришди. Олтита лохмачининг олдига қўйиб азоблашди. Хоҳлаган ишларини қилди. Қамоқда ўтган кунларимга афсусланаман. Чунки мен ҳурриятдан ҳам, эркдан ҳам, ҳамма нарсадан бенасиб инсон эдим, дея эслайди озодликка чиққан Тиллаев.
Фахриддин Тиллаев қамалишидан олдин Нуриддин Жуманиёзов билан биргаликда “Ўзбекистон мардикорлар касаба уюшмаси”ни ташкил қилиб, мардикорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган.
– Худо хоҳласа, мен ўша тузган ташкилотим фаолиятини давом эттирмоқчиман. Судларда қатнашиб, айниқса диний айблов билан қамалган инсонларни, ноҳақ ўтирган инсонларни ҳуқуқини ҳимоя қилиб, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолиятимни давом эттириш ниятим бор, деди Фахриддин Тиллаев.