Шавкат Мирзиёев Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашди
ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Лондон шаҳри аэропортида қисқа техник тўхташ давомида Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Алан Дункан билан учрашди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон раҳбари икки томонлама ҳамкорлик борасида мавжуд улкан салоҳиятни самарали рўёбга чиқариш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.
Турли даражалардаги мулоқотларни жадаллаштириш, амалий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Алан Дункан Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган ислоҳотларга, республиканинг минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган фаол саъй-ҳаракатларига, жумладан, жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича халқаро конференция муваффақиятли ўтказилганига юксак баҳо берди.