Трамп Ўзбекистондаги ислоҳотларга ёрдам берадими? (ВИДЕО ва шарҳ)
(last modified Thu, 17 May 2018 03:36:11 GMT )
май 17, 2018 08:36 Asia/Tashkent

"Трамп ғалабани яхши кўради ва у чоршанба куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Оқ Уйда қаршиларкан, яна бир ғалабани қўлга киритиш имкони бор". "Вашингтон пост" рўзномаси чоп этган мақола ана шу жумла билан бошланади.

"Трамп дунёнинг энг репрессив тузумларидан бирини очиш имконига эга" деб сарлавҳа қўйилган мақола муаллифи Рейд Стендишга кўра, Ўзбекистоннинг очилиши янги, кўпроқ барқарор ва мустақил бўлган минтақани яратиш имконини беради.

Мақолада айтилишича, Қўшма Штатлар ўн йиллар давомида ўзининг зиддиятли сиёсати сабаб Марказий Осиёдаги таъсирини йўқотаётган эди.

Демократияга ҳали бор

Рейд Стендишнинг фикрича, Ўзбекистоннинг яқин орада демократик давлатга айланиш эҳтимоли кам.

Аммо унинг фикрича, Оқ Уй "Совет Иттифоқи қулаганидан буён эркинроқ Марказий Осиёни яратиш борасида энг яхши фурсатга эга".

Муаллиф назарида бунинг учун демократияни тўғридан-тўғри илгари суриш ва террорга қарши курашдаги тор ҳамкорлик ўрнига, Ўзбекистондаги ижтимоий ва иқтисодий шароитларнинг яхшиланишига эришиш маъқулроқ.

Мақолада айтилишича, Мирзиёев ташрифининг асосий эътибори АҚШ сармояларига қаратилган. Ўзбекистоннинг оғир аҳволдаги иқтисодиёти сармояларга муҳтож.

Ҳозиргача аянчли сармоя муҳити ва пахта саноатидаги болалар меҳнати боис сармоя киритишни истамаган Америка бизнесининг Ўзбекистондаги улуши минимал.

Муаллифга кўра, Оқ Уй Мирзиёевга иқтисодий имкониятларга эга бўлишнинг энг яхши йўли бу - фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш эканини аниқ-таниқ айтиши керак.

Хатолар

"Вашингтон пост"даги мақола Трамп маъмуриятини аввалги маъмуриятлар, хусусан, Буш маъмурияти йўл қўйган хатоларни такрорламаслик ҳақида огоҳлантирган.

"Охирги марта 2002 йилда Президент Жорж Буш Ўзбекистон раҳбари Каримов билан Оқ Уйда учрашганди. Каримов тезда АҚШнинг террорга қарши урушдаги иттифоқчисига айланди ва Қўшма Штатларга ўз ҳаво базасини очди... Каримов 21-асрнинг энг шафқатсиз диктаторларидан эди. Унинг коррупцияга ботган полиция давлати инсон ҳақларини поймол қилган, ҳатто ўзгача фикрловчиларни қайнаб турган сувга ташлагани айтилади...

Ўзининг ҳарбий базаси ва таъминот йўлларини бой беришни истамаган Буш маъмурияти 2005 йилда ўзбек махсус кучлари қуролсиз намойишчиларни отиб ўлдирган Андижон қирғинига қадар инсон ҳақлари топталишига кўз юмиб келди. Вашингтон Каримов режимининг амалини қоралади ва бунга жавобан Тошкент АҚШ ҳарбийларини мамлакатдан чиқариб юборди. Ўта айёр дипломат бўлган Каримов Ўзбекистоннинг стратегик жойлашувидан фойдаланиб, Обама маъмурияти билан алоқаларни яхшилаб олди".

Мирзиёевга ишонч

Муаллифнинг фикрича, Обама маъмурияти билан алоқалар хавфсизлик масалалари билан чекланган эди ва Ўзбекистон Ғарбда яккаланиб қолаверди.

Унга кўра, Мирзиёевга ишонмаслик учун сабаблар кўп.

"Ўзбекистон раҳбари ўз ислоҳотларида самимийми ёки унинг нияти фақат хориж сармояси ёрдамида ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олишми, каби саволлар ҳануз очиқ қолмоқда. Собиқ бош вазир сифатида у Каримов тузумининг меваси ва шубҳасиз, унинг баъзи қилмишларига шерик. Икки давлат янгича алоқаларни ўрнатишга киришаркан, Қўшма Штатлар Ўзбекистонни инсон ҳақларидан чекинмаслик ва собиқ тузумнинг адолатсизликлари юзасидан ярашиш чораларини кўришга чақириши керак".

Вашингтон пост"нинг ёзишича, ҳозиргача эришилган натижалар умид бағишловчи ва Вашингтон очиқроқ Марказий Осиёни яратиш йўлида иш олиб бориши лозим.

Ёрлиқ