Ўзбекистон президенти ва Россия мудофаа вазирининг учрашувлари
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан Тошкентда учрашганида икки мамлакатнинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорликларини янада кенгайтиришни таъкидлади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз "Ўзбекистон президенти ва Россия мудофаа вазирининг учрашувлари”га доир мавзуга бағишланади. Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан Тошкентда учрашганида икки мамлакатнинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорликларини янада кенгайтиришни таъкидлади. Россия Федерациясининг мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги Россия Федерацияси ҳарбий делегацияси 21 май куни расмий ташриф билан Ўзбекистон Республикасига келди. Ўзбекистон президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгуни қабул қилди. Шавкат Мирзиёев меҳмонни Ўзбекистонга ташрифи билан самимий қутлар экан, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланаётгани ҳамда ўзаро манфаатли барча соҳаларда амалий ҳамкорлик ривожининг юқори суръатларидан чуқур мамнуният изҳор этди.
Минтақалар ва ишбилармон доиралар ўртасида алоқалар ҳамда алмашинувлар жадаллашгани, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида истиқболли дастур ва лойиҳалар биргаликда амалга оширилаётгани, маданий-гуманитар соҳадаги самарали ҳамкорлик алоқалари алоҳида қайд этилди. Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамда ҳарбий-техникавий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, жумладан, қалин идоралараро ҳамкорлик, икки томонлама тадбирларни ўтказиш, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш ва бошқалар масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари ва минтақавий кун тартиби бўйича фикр алмашилди. Мудофаа вазири Сергей Шойгу самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорчилик билдириб, Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг эзгу тилакларини етказди. Мамлакатда қуролли кучларни модернизация қилиш ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича Ўзбекистон ташаббусларига юксак баҳо берилди. Икки мамлакат ва халқлар манфаати йўлида Россия томони Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда чуқурлаштиришга тайёр эканлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон мудофаа вазири, Абдусалом Азизов кутиб олди. Учрашувда мудофаа соҳасида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ҳарбий-техникавий соҳада ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Учрашувдан сўнг юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясига ташриф буюриб, олий ҳарбий таълим муассасасининг вазифалари, фаолияти ва тарихи, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни ўқитишнинг янгича ёндашувлари билан танишди. Афғонистондаги вазият барқарор эмас, бу эса унга чегарадош мамлакатларга террористлар уюшмаларининг кириб боришига имкон яратади, деб таъкидлади Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистон Мудофаа муассасаси раҳбари Абдусалом Азизов билан музокараларда. Шойгунинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистоннинг ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлиги "конкрет ва жуда муҳим характер" касб этади.
"Бу албатта, биринчи навбатда, Ўзбекистон чегарасидаги таҳдидлар билан боғлиқ. Бу ерда Суриядан қўшни, чегарадош давлатларга, шу жумладан, Ўзбекистон томонга ҳаракатланаётган, тобора ортиб бораётган халқаро терроризм таҳдидини айтиб ўтиш лозим", — деди Шойгу. "Биз бугун Афғонистондаги вазият янада барқарор ва янада хавфсиз бўлди, деб айтолмаймиз. Шуни инобатга олиш керак, террорчи гуруҳлар, хусусан, Афғонистонга кўчиб ўтмоқда. Бу ерда мамлакат манфаатлари ҳимоясига тура оладиган ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш масаласи муҳим роль ўйнайди", — деб таъкидлади Россия Мудофаа вазири. Эслатиб ўтамиз, икки мамлакатнинг Мудофаа вазирликлари ўртасида икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро тузилмаларнинг ўттизга яқин ҳужжат саналади. 2000 йилдан бошлаб, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик икки давлат Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳар йили тасдиқланадиган Ҳарбий ҳамкорлик бўйича режа асосида амалга оширилади. Бу режаларни амалга ошириш доирасида тезкор ва жанговар ўқув, таълим, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш, тиббий таъминотни яхшилаш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу даврда, юқорида айтиб ўтилган режалар доирасида икки давлат ҳудудида 290 дан ортиқ қўшма тадбирлар ўтказилди.
2017 йил 24 октябрда Тошкентда минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Россия маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. 2017 йил сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ҳузурида ҳарбий атташе мавжуд. 2017 йил октябрь ойининг бошида Жиззах вилоятидаги Фориш тоғ полигони базасида ўтказилган Ўзбекистон-Россия қўшма ҳарбий машқлари икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлади ва ўзаро манфаатли алоқаларга янги туртки берди. Хусусан, Ўзбекистон ва Россия қуролли кучларининг тегишли бўлинмалари энг қийин тоғ шароитида биргаликда ишлаш тажрибаси ва қобилиятларини намойиш қилди. Россия билан бизнес ҳамкорлик ҳақида гапирсак, 2017 йилда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 3,6 млрд долларни ташкил этди. Маълумотларга кўра, 2017 йилда россиялик ишбилармонлар Ўзбекистонга 1,6 млрд долларлик инвестиция киритишди. Умуман олганда, Россия Федерациясининг савдо рейтингида Ўзбекистон 4-ўринни эгалайди. Шунингдек, охирги вақтларда вилоят ҳокимларнинг Россияга ташрифи ҳамда Россия губернаторларининг Ўзбекистонга ташрифи ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.