Ака-ука Дўсмуҳаммедовлар кимнинг гапларига ишониб ватанга қайтишди?
Беш йилдан буён қидирувда бўлган тошкентлик ака-ука Аброл ва Шуҳрат Дўсмуҳаммедовлар қамалмаслиги ҳақидаги прокурор ваъдасидан сўнг 28 май куни Истанбулдан Тошкентга қайтгач, аэропортда қариндошларига бирров кўрсатилганидан сўнг қўлга олинди.
Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида яшаган 56 яшар Аброл ва 53 яшар Шуҳрат Дўсмуҳаммедовлар 28 май куни Истанбул-Тошкент рейси билан Ўзбекистонга қайтгач, милиция ходимлари томонидан ушланди.
Шуҳрат Дўсмуҳаммедовнинг хотини Махсуда Дўсмуҳаммедованинг сўзларига кўра, у эри ва қайнисини бирров кўришга улгурган, холос:
- Менинг хўжайиним Президентимиз қарорларига ишониб, қамамас эканлар деб, акалари билан бирга 28 май куни қайтиб келишди. Аэропортдан олиб чиқишдию, беш минут ҳам гаплашмасимиздан уларни ГУВДга олиб кетишди. Бир суткадан кейин МВДга ўтказиб юборишди. Яна бир кундан сўнг эса давлат ёллаган адвокати телефон қилиб, улар Тоштурмага ўтказилди, деб айтди, дейди Махсуда Дўсмуҳаммедова.
Махсуда Дўсмуҳаммедова Тошкент шаҳар прокурорининг эри ва қайниси шу ой охиригача қайтиб келса қамалмайди, деган гапига чиппа-чин ишониб, уларни қайтишга кўндирганини айтади:
- Мен 25 май куни Тошкент шаҳар прокуратурасининг 16-бўлими прокурори Жаҳонгир Исмоиловнинг қабулига бориб, эрим қайтиб келмоқчилар, қамамайсизларми деб сўрадим. У киши, “ҳозир авф ойи бўляпти, ойнинг охиригача келсалар ҳаммаси яхши бўлади. Қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартирамиз, очиқда юриб тергов берадилар. Мен ўзим кутиб оламан, хавотир олманг”, деб ваъда берди. Мен ўн мартадан кўп қайта-қайта, “ростданми, хат қоғоз қилиб бермайсизми”, деб сўрасам, йўқ, қамамаймиз, деди. Кейин Баҳодир деган ГУВД ходими телефон қилиб, билет олсалар копиясини менга беринг, деди. Мен эрим билан гаплашиб, келаверинглар, прокурор ваъда берди, дедим. Лекин, бизни алдашди, президент айтганларига тескари иш қилишди,- деди Махсуда Дўсмуҳаммедова.
Суҳбатдошнинг айтишича, унинг эри Шуҳрат Дўсмуҳаммедов Тошкентда тадбиркорлик билан шуғулланган, оддий намозхон бўлган ва ҳеч қандай диний ташкилотлар фаолиятида иштирок этмаган:
- Эрим беш маҳал намозини канда қилмайдиган оддий одам. Давлат ва сиёсат билан иши бўлмаган. 2012 йилда унинг бир қанча намозхон танишларини қамоққа олишни бошлашганда, у ҳам акаси билан яширинишга мажбур бўлган ва кейин мамлакатдан чиқиб кетган эди. Кейин уни қидирувга беришганди, дейди Махсуда Дўсмуҳаммедова.
"Қамоқ ва қийноқдан қўрқиб ватанни тарк этишга мажбур бўлган эди"
Шуҳрат Дўсмуҳаммедов акаси Аброл билан бирга Ўзбекистонни 2013 йилнинг февралида тарк этган.
Аброл Дўсмуҳаммедовнинг айни пайтда Туркияда яшаётган хотини Замира Дўсмуҳаммедованинг айтишича, унинг эрини 2012 йилда бир ой Тошкент шаҳар ИИББда асоссиз ушлаб, қийноққа солишгандан сўнг, укаси билан мамлакатдан чиқиб кетган:
- Бир ой ушлаб туриб, қийнаб, қўйиб юборишди. Кейин яна ўша йилнинг декабрида милиция ходимлари уйга келишди. Ўша пайтда хўжайиним уйда йўқ эди. Хўжайинимнинг бир неча ўртоқларини олиб бориб қийноққа солган, бир ўртоғи ўлган пайт эди. Бизга ҳам шундай кун келади деб, кейин мамлакатдан чиқиб кетишди. Олти ойдан сўнг ортларидан мен ҳам тўрт болам билан Туркияга бордим. Бир азоб билан яшадик. Мана президент ўзгариб, яхши хабарлар кела бошлади. Хўжайиним ҳам энди ватанга қайтамиз, бизни ҳеч қандай айбимиз йўқ, дейишди. Уйдан яхши хабарлар келганидан сўнг, уч кун ичида билет олиб жўнаб кетишди. Лекин аэропортдан ушлаб олиб кетиб, қамаб қўйишибди,- дейди Замира Дўсмуҳаммедова.