Ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Швеция суди 2017 йилнинг апрелида Стокҳолм шаҳри марказида теракт содир этган Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқиловни умрбод қамоқ жазосига маҳкум этди.
У терроризмда ва 5 кишининг ўлимида, шунингдек яна 119 одамга суиқасдда, 24 киши ҳаётига таҳдид қилганликда айбдор деб топилган.
The Local хабарида қайд этилишича, Швецияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар қамоқхонада 16 йилга яқин вақт ўтказади. Жазони ўтаб бўлгач, Оқилов мамлакатдан чиқариб юборилади.
2017 йили 7 апрел куни Швеция пойтахти Стокҳолмда юк машинаси йўл четидаги пиёдалар устига катта тезликда келиб, урилган. Дроттнинггатан кўчасида ҳаракатланиб келаётган юк машинаси тахминан 500 метр масофани босиб ўтиши билан Åhlens савдо маркази жойлашган бинога «бостириб кирганди». Ҳодиса жойида 5 киши вафот этди, яна 15 нафар тинч аҳоли вакиллари жароҳат олди.
Оқилов воқеа жойидан қочиб кетган, аммо тез орада қўлга олинган, у судда жиноятни содир этганини тан олган.
Ҳужумдан олдин Раҳмат Оқилов ИШИДга қасамёд қилган.
Террорчилик ташкилотининг ўзи эса ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олмаган.