Ўзбекистон олтин-валюта захираси 228,4 миллион долларга камайди
Марказий банк 2018 йил 1 июнь ҳолатига кўра Ўзбекистон олтин-валюта захираси ҳақидаги маълумотларни эълон қилинди.
Тақдим этилган рақамларга кўра, республика олтин-валюта захираси бир ой олдинги кўрсаткичдан 228,4 миллион долларга камайиб, 28,12 миллиард долларни ташкил этмоқда. Улардан 14 миллиард доллари хорижий валютадаги активлар, 14,12 миллиард доллари эса – монетар олтин.
1 июнь ҳолатига кўра соф олтин-валюта захиралари 27,02 миллиард долларни ташкил қилди.
«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири сифатида республика олтин-валюта захираларини сақлаш ва бошқариш белгиланган.
Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритилади. Олтин-валюта захираларининг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.
Олтин-валюта захираларини самарали бошқариш мақсадида Марказий банк томонидан захираларнинг ялпи ва соф қийматлари ҳисоби юритилади.