Қамчиқ довонидаги тош ва тупроқ кўчкиси
(last modified Sun, 10 Jun 2018 07:44:49 GMT )
июн 10, 2018 12:44 Asia/Tashkent
  • Қамчиқ довонидаги  тош ва тупроқ кўчкиси

Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги хабар қилишича, 8-июнь тунида Қамчиқ довонида ёғингарчилик оқибатида тупроқ ва тош кўчкиси рўй берган.

"2018 йилнинг 8 июнь куни соат 22:00 ларда Наманган вилоятининг Поп туманида кучли ёмғир ёғиши натижасида, мазкур туман ҳудудидан ўтувчи А-373 М-39 "Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон орқали-Ўш" автомобиль йўлининг "Қамчиқ" довони қисмининг 225,5 километрида эни 80 метр, узунлиги 300 метр ва баландлиги 0,5 метрни ташкил этувчи, умумий ҳажми 12 000 м3 бўлган тош ва тупроқ массаси автомобиль йўли орқали оқиб ўтган", дейилади ФВВ ахборотида.

"Натижада, тош ва тупроқ массаси йўлнинг автомобиль қатнов қисмида ҳаракатланаётган 2 та енгил автомобиль воситасини суриб, йўл четига чиқариб юборган. Мазкур автомобиль воситаларида бўлган 6 нафар фуқаролар ФВВнинг "Қамчиқ" МҚҚБ қутқарувчилари томонидан қутқариб олиниб, уларга жойида биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, улардан икки нафари Ангрен шаҳар марказий касалхонасига юборилган ва тўрт нафар фуқарога довондаги "Булоқ" тиббий ёрдам масканида тиббий ёрдам кўрсатилган".

"Шунингдек, йўлнинг қатнов қисмида қолган 4 та "Исузу", 2 та "MAN" ва 4 та енгил автомобиль воситалари воқеа жойидан хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган", дея хабар қилади Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги.

Вазирлик 9 июнь эрталабки соат 8:00 дан Қамчиқ довони орқали автомобиль қатнови қайта тикланганини маълум қилди.