Ўзбекистон Бош прокурори ЕХҲТ бош котиби билан учрашди
Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродов Венада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Томас Гремингер билан учрашди.
Бош котибга Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, терроризм ва коррупцияга қарши курашиш, тадбиркорлик ва инвестицияларни ривожлантириш соҳаларида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Т.Гремингер Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида баён этган ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдириб, жумладан, ЕХҲТ раҳнамолигида июнь ойида Тошкентда экстремизмга қарши курашишда ёшларнинг роли борасида ўтказилган халқаро анжуман аҳамиятини эътироф этди.
Т.Гремингер Ўзбекистонда шиддат билан кечаётган янгиланишлар жараёнига тўхталиб, бу ўз ўрнида бутун Марказий Осиё минтақасига ижобий таъсир этаётганлиги таъкидлади.
Бошқа барча соҳаларда янгиланишлар учун негиз сифатида ҳуқуқий ислоҳотлар ва қонун устуворлигини таъминлаш ниҳоятда муҳимлигини тасдиқлаган ҳолда, Т.Гремингер бу йўналишда Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини келгусида ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди.
Томонлар ЕХҲТнинг ҳар уч йўналишини қамраб олувчи ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилди.
Ташкилотнинг мазкур соҳалар бўйича платформаси ва воситалари ҳамда тўпланган экспертлик салоҳияти Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар жараёнида қўлланилиши таъкидланди.