Тошкент "смотряшчий"си экани айтиладиган Аббосхон Хўжаев 2 йил(!)га қамалди (ВИДЕО)
Тошкент шаҳрида “кўча авторитети” қаторида танилган Аббосхон Хўжаев икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Маҳаллий матбуотда 19 ва 20 июнь кунлари тарқатилган хабарларда айтилишича, Аббосхон Хўжаев билан биргаликда судланган Маҳамаджон Қурбонов бир ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳукм Тошкент шаҳар Олмазор туман жиноят ишлари бўйича судида ўқилди.
Суд ҳар икки судланувчини катта миқдордаги товламачиликда айбдор деб топди. Улар қаттиқ режимдаги жазони ўташ колониясида сақланади.
19 июнда судья Мирзиёд Абидов томонидан ўқилган ҳукмда Аббосхон Хўжаевга Жиноят Кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари, 25, 273-моддаси 5-қисми билан билдирилган айлов ўз тасдиғини топмагани, шунингдек, бу моддалар бўйича судланувчи оқлангани айтилади.
Аббосхон Хўжаев 2017 йилнинг сентябрида Тошкент шаҳрида халқ орасида “кўча авторитетлари” номи билан танилган бир неча шахс ва уларнинг 20 га яқин сафдоши қаторида ушлангани ОАВ ўз вақтида хабар берган эди.
Ўшанда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси Аббосхон Хўжаев устидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга суиқасд қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилганини билдирган.