Шавкат Мирзиёев журналистларни табриклади
Биз жамиятимизда ошкоралик, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда, ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлашда сизларга, сизларнинг билим ва истеъдодингизга таянамиз – дейилган президент табрик сўзида.
ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан табриклади, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
"Қадрли дўстлар! Авваламбор, сиз, азизларни, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган муҳтарам фахрийларимизни 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этиш, барчангизга чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдириш менга катта мамнуният бағишлайди", — деб бошланган президент табрик сўзи.
Президент табригида мустақиллик йилларида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг сони қарийб 4 баробар кўпайиб, 1500 тага етгани ушбу тармоқда ўсиш, ўзгариш жараёнлари изчил давом этаётгани қайд этилган.
Шунингдек, "Энг муҳими, соҳа ривожида ана шундай миқдор ўзгаришлари билан бирга сифат ўзгаришлари ҳам юз бермоқда. Бунинг тасдиғини миллий медиа майдонимизда фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган нодавлат оммавий ахборот воситалари тармоғи кенгайиб, самарали фаолият кўрсатаётгани, интернет журналистикаси жадал ривожланиб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкин", — дейилган президент табригида.
Президент табрик сўзида интернет журналистикаси ҳам тўхталиб ўтди.
"Бугун биз дунёдаги узоқ-яқин давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, юртимиздаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга интилар эканмиз, бошқа соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тушунамиз. Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда "тўртинчи ҳокимият" даражасига кўтарилиши зарур. Бу — замон талаби, ислоҳотларимиз талаби" — дейилган табрик сўзида.
Шавкат Мирзиёев оммавий ахборот воситалар ўрни ва амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.
"Ҳозирги вақтда ҳаётимизда амалга оширилаётган модернизация ва янгиланиш жараёнларининг туб моҳиятини халқимизга етказиш, одамларни янги марралар сари сафарбар этиш, олдимизга қўйган вазифаларни сифатли амалга оширишда сизларнинг таъсирчан сўзингиз, фаол гражданлик позициянгиз сув билан ҳаводек зарур", — дейилган президент табригида.
Табрик сўзининг охирида Мирзиёев журналистларга сиҳат-саломатлик тилади.
"Азиз ва муҳтарам дўстлар! Сизларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан яна бир бор самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман", — деб табрик сўзини якунлади президент.