Ўзбекистонда хусусий олийгоҳлар пайдо бўлади - вазир
11 июль куни Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси «Нодавлат олий таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларга қўйиладиган талабларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳасини кенг жамоатчиликка ҳавола этди.
Лойиҳада айтилишича, нодавлат олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчиларининг илмий педагогик салоҳияти камида республика бўйича олий таълим муассасаларидаги ўртача кўрсаткичдан паст бўлмаслиги лозим. Шунингдек, хусусий олийгоҳларга айни пайтда фаолият кўрсатаётган ОТМ шарт-шароитларидан кам имкониятларга эга бўлмаслиги белгиланмоқда.
Хусусий олийгоҳларда таълимнинг мажбурий равишда дунёвий характерда бўлиши шарт қилиб қўйилмоқда. Унда урушни, зўравонликни тарғиб қилишдан фойдаланишга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинлиги камситилишига, мамлакатдаги хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорликка, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асослари, фуқаролик осойишталигига, миллатлараро ва динлараро тотувликка рахна солинишига, Ўзбекистон Республикаси тўғрисида нотўғри ахборотлар тарқатилишига ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари бузиб кўрсатилишига йўл қўймаслиги таъкидланган.
Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Ином Мажидовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган «Таълим тўғрисида»ги қонунда ҳам ушбу мезонлар ҳисобга олинади.
Вазирнинг айтишича, хусусий олийгоҳларнинг пайдо бўлиши меҳнат ва таълим бериш йўналишига янги капитални олиб киради. Шу билан бирга, сифат ва рақобат пайдо бўлади. Фақат сифат ва стандартлар назоратга олиниши керак, холос.
Олий ва ўрта-махсус таълим вазири билан интервьюни тўлиқ равишда қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.