Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотларни давом эттириш учун 500 миллион доллар тақдим этди
Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотларни самарали давом эттириш учун 500 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Молия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Лилия Бурунчук ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Томонларнинг учрашуви Ўзбекистондаги бошланган ислоҳотларни самарали ўтказиш мақсадида 500 миллион долларни ажратиш тўғрисидаги келишувни имзолашдан бошланди.
Лилия Бурунчук учрашув давомида иккитомонлама муносабатлар иқтисодиётнинг барча жабҳаларида, хусусан қишлоқ хўжалиги, солиқ ислоҳотлари ва Шавкат Мирзиёевнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигига интилишида, илгарилаб бораётганини таъкидлади.
Маълум қилинишича, Жаҳон банки мутахассислари жорий йилнинг август ойи биринчи ўн кунлигида Ўзбекистонда солиқ ислоҳотларни самарали давом эттириш ҳамда янги таҳрирдаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, банк вакиллари пенсия ислоҳотларининг асосий йўналишларини белгилашда ҳам техник ёрдам кўрсатиши мумкин.