Абдулла Арипов Фарғонада Тожикистон бош вазири билан учрашув ўтказди
(last modified Tue, 17 Jul 2018 04:37:29 GMT )
июл 17, 2018 09:37 Asia/Tashkent
  • Абдулла Арипов Фарғонада Тожикистон бош вазири билан учрашув ўтказди
    Абдулла Арипов Фарғонада Тожикистон бош вазири билан учрашув ўтказди

16 июль куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Республикаси бош вазири Қоҳир Расулзоданинг амалий учрашуви бўлиб ўтди.

Делегациялар таркибига вазирликлар ва идоралар, етакчи иқтисодий тузилмалар раҳбарлари киритилган.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, бош вазирлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини, аввало олий даражада бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Тожикистон учрашувига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилган.

Шунингдек, жорий йилнинг март ойидаги Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи ва президент Эмомали Раҳмон билан музокаралари давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича амалга оширилаётган турли даражалардаги алоқаларнинг юқори самарадорлиги қайд этилган.

Ўзаро савдодаги ўсишнинг ижобий динамикаси алоҳида таъкидланган. Маълум қилинишича, савдо айланмаси 2018 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилга нисбатан 35 фоиздан кўпроқга ошган.

Учрашувда икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши ва географик қўшнилик ва паст транспорт харажатлари туфайли рақобат устунлигига эгалиги ҳам таъкидлаб ўтилган.

Савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида томонлар Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида икки давлат ишбилармон доиралари фаолияти учун қулай шароитлар яратишга келишиб олишган.

Ўзбекистон томони Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида Тошкент шаҳрида «Тожикистонда ишлаб чиқарилган» миллий саноат кўргазмасининг ҳамда биргаликдаги Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форумининг ўтказилишини қўллаб-қувватлаган.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларни ўтказиш борасидаги қўшма ҳаракатларни келишиб олишган.

Томонлар барча соҳалардаги икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштиришга содиқлигини ва уларни бунданда самарали ва сермаҳсул бўлишлиги учун барча зарур чораларни кўришга тайёрликларини яна бир бор таъкидлашган.

Бош вазирлар бўлажак олий даражадаги Ўзбекистон-Тожикистон учрашуви давлатлараро муносабатларни янғи поғонага кўтаришига ҳамда икки давлатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги истиқболларни очишига ишонч билдиришган.

Фарғонадаги музокаралар якунида учрашув Баённомаси имзоланган.

Ёрлиқ