Осиё ўйинлари. Бугун курашдаги барча олтинлар Ўзбекистонга тегди
(last modified Tue, 28 Aug 2018 14:34:03 GMT )
август 28, 2018 19:34 Asia/Tashkent
  • барча олтинлар Ўзбекистонга тегди
    барча олтинлар Ўзбекистонга тегди

Аёллар ўртасида -52 кг вазн тоифасида турнирга келган Гулнора Сулаймонова финалда ҳиндистонлик Пински Балҳарага қарши гиламга чиқди. У рақиб устидан 10:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва олтин медалга эга чиқди.

Кун.уз сайтига кўра,  Гулнора Сулаймонова финалгача индонезиялик Мая Сари Сембиринг, қозоғистонлик Акжўл Кайипхан ва мўғулистонлик Герелма Эрденетсогтни мағлубиятга учратганди.

Унинг финалдаги олтин медали Ўзбекистон жамоасининг тўққизинчи олтин медалига айланди. Бунгача кураш жамоасидан -66 кг вазн тоифасида Маъруф Ғайбуллоев ҳамда +90 кг вазн тоифасида Муҳсин Ҳисомиддинов олтин медал олганди.

-66 кг вазн тоифасида финалда Ғайбуллоевга қарши курашган Руслан Бўриев кумуш медал билан кифояланди. +90 кг вазн тоифасида ярим финалда эронлик рақибига ютқазган Нурбек Тўраев ҳамда -52 вазн тоифасида ярим финалда ҳиндистонлик Пински Балҳарага мағлуб бўлган Ойсулув Абдумажидова эса бронза медаллар билан кифояланишди.

Эндиликда Ўзбекистон делегацияси Осиё ўйинларида умумий рейтингда 38 медал билан (9-15-14) Таиландни (9-10-33) ҳам қувиб ўтиб, тўққизинчи ўринга жойлашди.

 

Ёрлиқ