1 январдан умумтаълим муассасалари ходимлари бўлган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i37505-1_январдан_умумтаълим_муассасалари_ходимлари_бўлган_пенсионерларга_пенсия_тўлиқ_миқдорда_тўланади
Ўзбекистон Республикаси президенти “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. 
(last modified 2018-09-06T05:12:18+00:00 )
сентябр 06, 2018 10:12 Asia/Tashkent
  • 1 январдан умумтаълим муассасалари ходимлари бўлган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади
    1 январдан умумтаълим муассасалари ходимлари бўлган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

Ҳужжатга кўра энди шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талаблари умумий ўрта таълимни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан тасдиқланади;

Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси раҳбарлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, шунингдек, Вазирликка идоравий мансуб бошқа ташкилотлар ва муассасалар бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилмасдан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан амалга оширилади;

муваффақиятли фаолият юритаётган мактаблар негизида тармоқли мактабларни ташкил этиш, ушбу тармоққа юкламаси паст коэффициентли мактабларни киритиш ҳақидаги қарор Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан қабул қилинади;

2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинги тузилади;

рейтинг якунлари оммавий ахборот воситаларида ва Давлат инспекциясининг веб-сайтида кейинги ўқув йили бошланишидан кечиктирмай жойлаштирилади;

2019 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим муассасалари ходимлари бўлган пенсионерларга, уларнинг ушбу муассасалардаги фаолияти асосий иш жойи ҳисобланган тақдирда, пенсия тўлиқ миқдорда тўланади;

2019 йил 1 мартдан бошлаб давлат умумтаълим муассасаларига болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда туманлар ва шаҳарлар кесимида болаларни умумий ўрта таълим мактабларига қабул қилиш Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириладиган умумий ўрта таълим муассасалари рўйхатини шакллантиради.