Ўзбекистонда “Замонавий мактаб” Давлат дастури тасдиқланади
Ўзбекистон Республикаси президенти “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ҳужжат билан Халқ таълими вазирлиги:
а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 февралга қадар муддатда Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли, минтақавий ва мақсадли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича “йўл харитасини” ўз ичига олган Халқ таълими тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепциясини Вазирлар Маҳкамасига киритади;
б) Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда етакчи лойиҳа институтларини жалб қилган ҳолда, умумтаълим муассасаларини қуришнинг халқаро тажрибасини ўргансин ва 2019 йил 1 январга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Замонавий мактаб” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини киритади:
экологик жиҳатдан тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида замонавий мактаблар қуриш;
мактабларни, шу жумладан, ўқув синфлари ичини янги қулай мебеллар, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, дарсликлар ва ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа техникаси, видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш;
в) уч ой муддатда ўқув режалари ва дастурларини оптималлаштириш, инновацион, шу жумладан, масофавий педагогик усуллардан кенг фойдаланиш, ушбу жараённинг самарадорлигини бутунлай оширишни назарда тутган ҳолда умумтаълим муассасаларининг раҳбар ва педагогик ходимлари малакасини ошириш тартиби ва тизимини тубдан қайта кўриб чиқади.