Ўзбекистон ва Россия АЭС қурилиши ҳақида келишиб олди
Ўзбекистон ва Россия республика ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади. Имзолаш маросими Ўзбекистон ва Россия Федерацияси бош вазирлари ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича бўлиб ўтди.
Ҳужжатни Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов ва Россия вазирлар маҳкамаси раҳбари Дмитрий Медведев имзолади.
Бундан ташқари, томонлар иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 19-йиғилиш баённомасини имзоладилар.
Бугун, 7 сентябрь куни Россия бош вазири Дмитрий Медведев РФ президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга режалаштирилаётган давлат ташрифи дастури кун тартибини ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан муҳокама қилди.
Бу ҳақда ҳукумат раҳбари қўшма ҳукуматлараро комиссия мажлисида маълум қилди.
«Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонга режалаштирилаётган ташрифига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди», - дея айтиб ўтди Россия Федерацияси бош вазири.
Ўзбекистон бош вазири сўзларига кўра, Россия раҳбарининг республикага ташрифи кун тартиби Москвада бўлиб ўтган музокараларида ҳам муҳокама қилинган.