сентябр 24, 2018 10:51 Asia/Tashkent
  • Беларусда бўлиб ўтадиган халқаро мусобақада Ўзбекистон махсус ҳарбий бўлинмалари иштирок этади
    Беларусда бўлиб ўтадиган халқаро мусобақада Ўзбекистон махсус ҳарбий бўлинмалари иштирок этади

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус бўлинмалари халқаро мусобақада иштирок этиш учун Беларусь Республикасига жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон  Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

"Мусобақада Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан 10 нафар вакил мамлакат шарафини ҳимоя қилади. Баҳсларнинг асосий қисми 24-28 сентябрь кунлари Марьина Горка аҳоли яшаш пунктида жойлашган ҳарбий қисм полигонида бўлиб ўтади.", - дейилган хабарда.

Ушбу мусобақада Беларусь Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитасининг «А», Ички ишлар вазирлигининг «Алмаз» гуруҳлари, мамлакат президентининг хавфсизлигини таъминлашга масъул хизмат вакиллари, шунингдек, хорижлик жамоалар ўзаро беллашади.

Мусобақа давомида иштирокчилар шаҳар ва ўрмон шароитида ўз маҳоратларини жамоавий ҳамда якка тартибда намойиш этишлари лозим. Хусусан, отиш машқларини муваффақиятли бажарган иштирокчилар, шунингдек, шартли душман гуруҳининг разведкачиларини қидириб топиш, асирларни озод этиш, ярадорларни эвакуация қилиш каби шартларда алоҳида қўшимча баллар олиши мумкин.

Иштирокчилар ҳамдўстлик мамлакатларидаги махсус бўлинмаларда хизмат кўрсатувчи юқори профессионалликка эга ҳакамлар томонидан баҳолаб борилади.

Мазкур мусобақа турли идораларга қарашли махсус бўлинмалар хизматчиларининг нафақат юқори тайёргарлик даражасини, балки жанговар тайёргарлик бўйича энг сўнгги ва замонавий амалиётдан бохабар бўлиш имкониятини тақдим этади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон-Беларусь ўртасида қисқа вақт давомида ҳарбий ҳамкорликнинг ҳуқуқий-меъёрий базасини кенгайтириш борасида салмоқли ишлаш қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ва Беларусь Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий академияси ўртасида 2017 йил 20 июль куни Минск шаҳрида ҳамкорлик Меморандуми тузилган, 2018 йилда икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида Ҳарбий ҳамкорлик режаси имзоланиб, унинг доирасида тадбирлар амалга ошириляпти.

Ёрлиқ