Ўзбекистонга саёҳат қилиш қулайми?
Мамлакатнинг туризм салоҳияти юқори эканлигини ва ундан етарлича фойдаланилмаётганини кўпгина экспертлар эътироф этади. Бу ҳақда ЎзАда чоп этилган мақолада сӯз юритилди.
Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлардан сўрасангиз, ҳашаматли безаклар, ўзига хос шарқона бозорлар, уларда буюмларни нархини тушириш имконияти, сомса, кабоб, ош каби ажойиб кўча таомлари, совғага олинадиган атлас-у адрас, шойи матолар, ёғоч ўймакорлик маҳсулотлари, ўзбекона меҳмондўстлигу илтифотни алоҳида санаб ўтишади. Муаммолар хусусида сўраганингизда эса аввало йўлларда жой номлари ва йўл кўрсатиш белгиларининг камлиги, ёлғиз саёҳат қилувчилар учун транспорт ва ҳаракатланишдаги қийинчиликлар санитар гигиеник шароит, ҳожатхоналар масаласини қайд этишади.
Санитар гигиеник шароитни яхшилаш мақсадида 2018 йилнинг февраль ойида биринчи маротаба тадбиркорларга мақсадли солиқ имтиёзлари берилди ва асосий шартлардан бири сифатида дунё стандартларига тўғри келадиган санитар гигиеник узелларни ташкил этиш сўралди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг қайд этишича, бошида бу имтиёзлардан тадбиркорлар фаолроқ фойдаланиши кутилган.
Маълумот учун, жорий йил 8 ой мобайнида Ўзбекистонга 3,4 миллион сайёҳ ташриф буюрган, бу рақам 2017 йилда 1,5 миллион кишини (+226 фоиз) ташкил этган эди. Жорий йил охирига қадар мамлакатга келувчи сайёҳлар сони 4, 8 миллионга етиши кутилмоқда. Туристик хизматлар экспорти эса 666,9 миллион долларга етган бўлиб, бу рақам 2017 йилдагига (327,3 миллион доллар) қараганда икки баробардан ҳам кўпроққа ортган.