сентябр 26, 2018 14:28 Asia/Tashkent
  • ОТБ Ўзбекистон ЯИМ ўсиши прогнозини пасайтирди
    ОТБ Ўзбекистон ЯИМ ўсиши прогнозини пасайтирди

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиш прогнозини 2018 йилда 5,5 фоиздан 4,9 фоизга, 2019 йил бўйича - 5,6 фоиздан 5 фоизгача пасайтирди. Бу ҳақда «Осиё тараққиётининг 2018 йилги таҳлили» янгиланган, йиллик иқтисодий ҳисоботида айтилади.

Банк мутахассислари фикрича, прогнознинг пасайиши ўтган йилда миллий валюта девальвациясининг узоқ давом этган оқибатлари билан боғлиқ.

Марказий Осиё учун 2018 йилга мўлжалланган ўсиш прогнози 0,1 фоиз пунктига кўтарилди. Нефть ва табиий газга нисбатан юқори нархлар экспорт ҳамда инвестициялар ҳажмининг ортиши билан уйғунлашган ҳолда, Марказий Осиёда сезиларли даражада иқтисодий ўсишга олиб келмоқда, унинг бу йилги кўрсаткичи 4,1% бўлиши кутиляпти. 

«Йилнинг биринчи ярмида нефть нархи ва нефть қазиб олиниши ҳажми Қозоғистонда ўсишни тезлаштирди, Арманистон ва Грузиядаги ўсиш эса прогноздан юқори бўлди», - дейилади ҳисоботда.

«2019 йилга минтақавий ўсиш прогнози 4,2%лик даражада қолмоқда. Шу билан бирга, Арманистон, Грузия ва Қозоғистон учун яхшиланган прогнозлар Туркманистон ҳамда Ўзбекистон учун паст прогнозларни қоплайди. Минтақада 2018 йилга инфляция прогнози 0,1 фоиз пунктига камайиб, 8,4%га етди, сабаби айирбошлаш курсининг барқарорлашуви Озарбойжонда нарх-наво босимини ушлаб туришга ёрдам берди. 2019 йилга минтақа учун инфляция прогнози ҳам 7,9%дан 7,7%гача камайди», - дея аниқлик киритишган ОТБдан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки йил якуни бўйича иқтисодиётнинг ўсиш суръати 5,0–5,2 фоиз оралиғида бўлиши ҳақида маълум қилганди. 

Ёрлиқ