Пўлат Бобожонов Марказий Осиё Республикалари ички ишлар вазирларининг Биринчи йиғилишида қатнашди
Ўзбекистон ИИВ раҳбари Қирғизистон Республикасининг Чўлпонота шаҳрида Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ички ишлар вазирларининг Биринчи йиғилишида иштирок этди.
МВД.уз сайтининг хабар қилишича, йиғилишда уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни такомиллаштириш механизмлари, республикаларнинг чегара ҳудудларида жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлашда ички ишлар органларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳокама қилинди.
Вазирлар ижтимоий тармоқлар орқали сунъий наркотик ва психофаол моддаларнинг тарқатилишига қарши курашиш, экстремизм ва терроризмни молиялаштиришда пул маблағларини электрон ҳамда интернет тармоқлари орқали ҳисобга ўтказишга қарши олиб борилган ишлар юзасидан тажриба алмашдилар.