Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди
(last modified Sun, 07 Oct 2018 10:42:54 GMT )
октябр 07, 2018 15:42 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди
    Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди ва уни туғилган куни билан табриклаб, энг самимий ва эзгу тилакларини билдирди.

Президент матбуот хизмати хабар қилишича, мулоқотда олий даражадаги учрашув ва музокаралар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал суръатлар билан ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми юқори суръатлар билан ортмоқда, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, жумладан, нефть-газ, энергетика, металлургия, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларда йирик инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбарлари Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифини ўтказиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ёрлиқ