Ўзбекистонни ХМТга аъзо бўлиши кутилмоқда
(last modified Mon, 08 Oct 2018 09:00:42 GMT )
октябр 08, 2018 14:00 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон
    Ўзбекистон

Жорий йилнинг ноябрида Ўзбекистон Миграция бўйича Халқаро ташкилотнинг янги аъзосига айланиши айтилади.

Меҳнат.уз сайтига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги биносида Миграция бўйича Халқаро ташкилот (ХМТ) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

ХМТ томонидан – жанубий-шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ХМТ минтақавий директори Аргентина Сабадош (делегация раҳбари), Марказий Осиёдаги ХМТ минтақавий ваколатхонаси раҳбари Деян Кесерович, минтақавий директор ёрдамчиси Сюзан Арнольд иштирок этди.

Учрашув давомида 2018 йил ноябрь Женева шаҳрида ўтказиладиган ХМТ кенгаши мажлисида маъқулланиши назарда тутилаётган Ўзбекистон Республикасининг ХМТга аъзо бўлиши муҳокама қилинди.

Шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасида ХМТ лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонда субминтақавий марказ сифатида фаолият юритадиган ХМТнинг камида иккита ваколатхонаси (тўла ҳуқуқли офислари)ни Ўзбекистонда (Тошкент ва Термиз шаҳарларида) ташкил этиш, “Ишга марҳамат” мономаркази негизида Тошкент шаҳрида ва Сурхондарё вилоятида камида иккита Европа мамлакатларига кетиш олдидан меҳнат мигрантларини кўниктириш марказини ташкил этиш ва керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозлашда ХМТнинг иштирок этиши тилга олинди.