Ўзбекистон Тожикистондан ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши раислигини қабул қилиб олади
Бугун, 12 октябрь куни Душанбеда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтади, деб ёзади Asia-Plus.
Учрашув бош котиб ва ташкилотнинг Минтақавий аксилтеррорчилик маркази ижроия қўмитаси директори иштирокида ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг тор таркиби билан бошланади. Ялпи мажлисда уларга кузатувчи давлатлар, қатор халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда ШҲТ банклараро бирлашмаси ва ишбилармонлар кенгаши раҳбарлари қўшилади.
Йиғилиш кун тартибидан савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, уларни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар, кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга оширишнинг бориши, ШҲТ доирасидаги лойиҳалаш фаолиятини молиявий таъминлаш механизмлари тўғрисида фикр алмашиш ўрин олган.
Шунингдек, Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари ҳамда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси фаолиятини, ташкилотнинг 2019 йил учун бюджетини, ШҲТ ҲРК кейинги мажлиси муддати ва жойини муҳокама қилиш, мазкур масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.
ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши раислиги Тожикистондан Ўзбекистонга ўтказилади.