Жиззахда ўт ўчирувчилар ёнаётган хонадондан 5 кишини қутқаришга муваффақ бўлди
11 октябрь куни соат 18:38 да Жиззах вилояти ИИБ ЁХБ Марказий диспетчерлик хизматига Фориш тумани «Хонбанди» МФЙ Хонбанди шаҳарчаси 2-уйининг учинчи қаватида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида маълумот келиб тушди, деб хабар беради Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизмати.
Дарҳол ёнғин жойига Фориш тумани ЁХБнинг 2 та ёнғин ўчириш бўлинмаси юборилди.
Аниқланишича, 5 қаватли уйнинг 3-қаватида фуқаро Б.У.нинг яшаш хонадони балконида электр симларининг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлган. Бу вақтда уй эгаси уйда бўлмаганлиги сабабли ёнғин ривожланган, хона эшиклари ва деразалар ёпиқ бўлганлиги учун хонадон тутун ичида қолган.
Уй эгаси эшикни очиши натижасида ёнғин жойига ҳаво ва кислород кирган ва ёнғин бирдан авж олган, қисқа муддатда кўп қаватли уй йўлаклари тутун билан қоплана бошлаган. Ёнғин ўчириш бўлинмалари келганида бино бутунлай тутун ичида қолган, оловнинг қўшни хонадонларга ўтиб кетиш хавфи юқори, боз устига юқори қаватдаги хонадонлардан бирида инсонлар қолиб кетганлиги тўғрисидаги маълумот бор эди.
Тезкор ҳаракатар туфайли 5-қават 24-хонадондан 1982 йилда туғилган Д.К. ва унинг 8 ёшли Оғабек, 5 ёшли Озодбек ва 1 ёшли Асадбек исмли фарзандлари қутқариб қолинган.
Ёнғин натижасида хонадоннинг балкон қисми 14 квадрат метр майдонда тахминан 3 миллион сўмлик уй жиҳозлари ёниб зарарланган, ёнғин натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.
Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.