Тошкент ва Москва ҳамкорликнинг барча масалалари бўйича ишни давом эттиришга келишиб олди
Россия бош вазири Дмитрий Медведев Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Россия ва Ўзбекистон ўзаро ҳамкорликнинг барча масалалари бўйича ишни давом эттиришига умид билдирди. Ўз навбатида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон бу йўналишда Ислом Каримов белгилаб берган барча ишлар давом эттирилишини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда Кун.уз сайти хабар қилган.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистоннинг "мустаҳкам давлат бўлиши ва барча жараёнлар нормал, осойишта ривожланиши" учун улкан ишлар қилганини таъкидлаб ўтдилар.
"Биз буни жуда қадрлаймиз. Биз Ўзбекистоннинг биринчи президентини доимо ёдда сақлаймиз", деб айтди Медведев.
Медведев ўз номидан ва Россия президенти Владимир Путин номидан Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдириб қолди.
Ўз навбатида Мирзиёев ҳамкасбига Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан ўтказилган мотам тадбирларида иштирок этгани учун миннатдорчилик билдирди.
"Шундай мусибатли соатларда сиз биз билан бўлганингиз учун миннатдорман. Сиз ҳар бир учрашув фойдали бўлганини айтдингиз ва бу ҳақиқатда ҳам шундай", деб айтди Мирзиёев.
Мирзиёев Ислом Каримов ҳаётининг охирги дақиқаларигача ўзини халқи ва Ватани учун баҳшида этган буюк инсон бўлганини таъкидлаб ўтди.
"Бизнинг Россия билан муносабатларимиз, сиз тўғри айтгандек, стратегик муносабатлардир", деб айтди Мирзиёев. Бош вазир Владимир Путин ва Ислом Каримов ўртасидаги муносабатлар "мутлақ бошқача бўлганини", бироқ улар томонидан солинган асос икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга имкон беришини айтиб ўтди.
"Барча лойиҳаларимиз, ҳужжатларимизни инвентаризация қиламиз. Каримов белгилаб берган барча ишларни қиламиз, россиялик дўстларимиз билан биргаликда ишлашни, олға боришни давом эттирамиз. Ҳақиқатда бизда умумий жиҳатлар жуда кўп", деб айтди Ўзбекистон бош вазири.