октябр 23, 2018 17:13 Asia/Tashkent

2009 йил сентябрда, 19 ёшида Россиянинг Владивосток шаҳридан Ўзбекистон томон келаётган поездда Қозоғистон Республикаси Тараз шаҳрида йўқолиб қолиб, яқинда топилган Назмиддин Соипов ҳақида сайтимизда хабар берилган эди.

Назмиддиннинг онаси Марям Ниёзова шунча йилдан буён ўғли тирик эканига ишониб келгани, барибир кунлардан бирида соппа-соғ ҳолда эшикдан кириб келишини кутганини айтди. Шу кунлар келганидан хурсанд, ёрдам берган барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.

Назмиддин қандай йўқолиб қолган ўзи?

Унинг қўшниси Ваҳоб Турсуновнинг ҳикоя қилишича, 2009 йили сентябрь ойларида Владивостокдан Новосибирск орқали Тошкентга поездда қайтаётган 19 ёшли Назмиддинни (ўзининг тилидан) Жамбул области Тараз станциясида Қанаат исмли қозоқ милиционери тушириб қолдиради.

Шундан буён у дом-дараксиз кетади. Ота-онаси фақат орадан уч йил ўтибгина, 2012 йилда туман ички ишлар бўлимига унинг йўқолгани тўғрисида ариза беришади. Бироқ — уни излаш бўйича ишлар олиб борилган-борилмагани номаълум — у топилмайди.

Назмиддиннинг топилиш тарихи мўъжизанинг ўзгинаси. Унинг дараги илк марта интернетда чиққан: 2018 йилнинг 27 июнида телеграмдаги «Усталар» каналида Назмиддин ҳақида ахборот пайдо бўлади. Унинг туғилган санаси, фамилияси, исми, отасининг исми, аниқ манзили кўрсатилади ва у Қозоғистонда саргардон бўлиб юргани, ғишт ишлаб чиқарувчи корхонада меҳнат қилаётгани, билганлар бу хабарни яқинларига етказиши сўралади.

Ваҳоб Турсуновнинг ҳикоя қилишича, июль ойида Назмиддиннинг дараги чиққач, ҳамқишлоқларининг машинасида, ўзи, Назмиддиннинг отаси Худойберди Ниёзов билан бирга Назмиддинни олиб келиш учун Таразга йўл олишади.

Бироқ боришгач, уни топа олишмайди. Қидирувлар бесамар якунлангач, Қозоғистон полициясига ҳам ариза ташлаб, қайтишади. Қидирувга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳам қўшилади.

Ниҳоят, сентябрь ойининг охирида, учовлон иккинчи марта улар Қозоғистонга у ердан полициячилар Назмиддинни аниқ топишгани ҳақидаги хабар келгач боришади. Унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқолгани сабаб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги бош консулхонаси ёрдамида «Ватанга қайтиш гувоҳномаси» расмийлаштирилиб, жорий йилнинг 4 октябрь куни Назмиддин Соипов яшаш манзилига қайтиб келади.

Айни пайтда даволаниш курсини ўтаётган ва яқинлари томонидан парваришланаётган Назмиддиннинг ўтмаслашган хотираси тикланяпти. Парвариш туфайли унинг ранги тоза бўлиб бормоқда. Тўққиз йилда топилган ўғил айни пайтда 28 ёшда… Энди Ниёзовлар хонадони тўйга тайёргарлик кўрмоқда.

 

Ёрлиқ