Фарғонада икки ҳамтовоқ Қирғизистондан олиб келган гашишини ташлаб қочди
ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан гиёҳвандлик моддалари савдоси билан боғлиқ ҳолат фош этилган.
УзА сайтига кўра, Марғилон шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган Ҳ.I. Қувасой шаҳридан Фарғона шаҳрига кириб келаётганида тўхтатилган, лекин у машинадан тушиб, қўлидаги буюмни кўчага улоқтириб, қочишга уринган, лекин охир-оқибат қўлга олинган.
Унинг жиноий шериги, Марғилон шаҳрида яшовчи Д.М. ҳам воқеа жойидан қочиб кетган. «Аммо, олиб борилган тезкор тадбир давомида у Марғилон шаҳрида қўлга олинди», — дейилади хабарда.
Ҳ.I. томонидан улоқтирилган буюм холислар иштирокида кўздан кечирилганда, целлофан пакетга ўралган 672 грамм оғирликдаги гашиш гиёҳванд моддаси экани аниқланган.
Терговолди суриштирувлар жараёнида Ҳ.I. ва Д.М. гашишни Қирғизистонда сотиб олиб, Қувасой шаҳрининг Полмон қишлоғи яқинидаги айланма йўл орқали Ўзбекистонга олиб ўтгани маълум бўлди.