Диктатор мероси: сувга бўктирилганлар кейин кўчада югуртирилган
(last modified Mon, 29 Oct 2018 09:58:55 GMT )
октябр 29, 2018 14:58 Asia/Tashkent
  • Диктатор мероси:  сувга бўктирилганлар кейин кўчада югуртирилган

"Битта менмас, кўпчилик кўриб турди буни - уларни сувда 40-45 минут ушлаб туришди-да, кейин сувдан чиқариб, машинани олдига солиб, югуртириб олиб кетишди. Қаерга олиб кетди - билмадим, лекин. Бунақасини мен умримда кўрмаганман. Жуда даҳшат бўлди", деди исмини сир сақлаган оққўрғонлик.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишининг ариқдаги сувда тиззасигача бўкиб тургани акс этган сурат 27 октябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Маълум бўлишича, кузнинг совуғида ариқдаги сувга бўктирилган 6 кишидан 3 нафари туман ҳокимлиги мулозими, бири маҳалла оқсоқоли ва 2 нафари оққўрғонлик фермердир. Уларнинг сурати эса Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаевнинг 25 октябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманига сафари пайтида олингани айтилди.

Воқеага бевосита гувоҳ бўлганларнинг  айтишича, 6 киши буғдойга сув қўймагани учун бош вазир ўринбосари, Тошкент вилояти ва Оққўрғон тумани мутасаддилари кўз ўнгида совуқ сувга тушириб, жазоланган.

Ушбу ҳодисага бевосита гувоҳ бўлганини айтган ва шахсини сир сақлашни сўрган оққўрғонликлардан бирининг иддаосича, 6 киши сувда 40-45 дақиқа ушлаб турилгач, кейин автомобиль олдига солиниб, шалаббо ҳолида югуртирилган.

"Битта менмас, кўпчилик кўриб турди буни - уларни сувда 40-45 минут ушлаб туришди-да, кейин сувдан чиқариб, машинани олдига солиб, югуртириб олиб кетишди. Қаерга олиб кетди - билмадим, лекин. Бунақасини мен умримда кўрмаганман. Жуда даҳшат бўлди", деди исмини сир сақлаган оққўрғонлик.

"Шу 6 кишидан иккитасини жуда яқиндан биламан. Шу бечоралар устимиздан иш очиб, қаматвормаса бўлди, деб қўрқиб ўтирибди ҳозир. Лекин фермерлар шикоят қиламан, деб юрганди, улардан ҳам прокуратура "арзим йўқ", деган тилхат ёздириб олибди дейишяпти", деб даъво қилди ОАВ  билан микрофонсиз гаплашган ҳодиса гувоҳи.

Оққўрғон туманидаги давлат идораларидан бирининг исмини сир сақлаган ходими 28 октябрь куни маълум бўлган қўшимча тафсилотларни тасдиқлади.

"1 километрга яқин жойга югуртиришган, бу бор гап. Оқсоқол оёғим оғриб қолди, деб тўхтаб қолган. Лекин, қолганларини 1 километргача югуртиришган. Бугун менга бошқа вилоятлардан ҳам телефон қилиб: "Тинчликми Оққўрғонда?" деб сўрашяпти. Нима дейишни ҳам билмайсан одам. Аҳвол яхшиланади, деб умид қилиб тургандик- буни қаранг энди?!" деди хавфсаласи пир бўлганини яширмаган маҳаллий мулозимлардан бири.

Ижтимоий тармоқларда тиззагача сувда мулзам турган бечораларнинг фотосуратига шарҳ қолдирган айрим фойдаланувчилар бу ҳодисани "Диктатор Каримов мероси" дея баҳолашган. "Қизиқ, Ӯзбекистон бу ярамас меросдан қачон қутуларкин?"-- савол беради, улардан бири.