Юнусобод "райгаз" раҳбарини мажлис залидан нега қувиб юборилди?
Ўзбекистон пойтахтидаги "Халқлар дўстлиги" саройида ўтказилган фуқаролар ҳаёти хавфсизлигини таъминлашга қаратилган катта йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев Юнусобод тумани газ таъминоти корхонаси раҳбарини ишдан олди ва мажлис залидан қувиб юборди.
Юнусобод "райгаз" раҳбарининг ишдан олиниши 1-ноябр куни Юнусобод туманида юз берган ҳодиса - уч кишининг газ исидан заҳарланиши ва вафот этиши билан боғлиқ. Маълум бўлишича, уч нафар фуқаро Тошкентда ишлаётган ёлланма ишчилар бўлган ва улар табиий газдан исиниш мақсадида фойдаланишган.
Артикходжаев йиғилиш давомида Ўзбекистон пойтахтида сўнги вақтларда юз берган қатор кўнгилсиз ҳодисалар: овқатдан ва ис газидан заҳарланиш ҳолатлари биринчи даражадаги раҳбарларни ҳам қаттиқ ўйлантираётгани ва улар бу масалаларга аниқ жавоб ва чоралар кўрилиши талабини қўйишганини маълум қилди.
Тошкент шаҳар газ таъминоти раҳбари ўз ҳисоботида Юнусободдаги ёлланма ишчиларнинг ўлимига табиий газдан ўзбошимчалик билан фойдаланганлик сабаб бўлганини айтиб ўтилган бўлсада, Тошкент ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев янги қурилган уйлардаги (Юнусобод ва Чилонзордаги ҳодисалар янги қурилган уйларда юз берган) иситиш қозонининг газ чиқиб кетадиган қисмига пластмасса (канализацияга ўрнатиладиган) труба ўрнатилган деган фактга эътибор қаратди.
Газ таъминоти ходимлари бундай ҳолат хавфли эканлиги ва фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлишини тасдиқладилар. Юнусободда арзон уй-жой қуриш билан шуғулланадиган тадбиркор томонидан қурилган барча турар-жойларда ҳудди шундай ҳолат қайд этилгани айтиб ўтилди.