ноябр 21, 2018 17:46 Asia/Tashkent
  • Тошкент
    Тошкент

Тошкент давлат юридик университетига ноқонуний равишда ўқишга киритиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош қилинди.

Фарғона сайтига кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси текширувлари натижасида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси собиқ ходими Ш.Х., Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ИИБ бўлинма бошлиғи Ж.С., фуқаро Ж.Ф., З.Қ., М.Б., С.Н., М.М. ва бошқа шахслар жиноий гуруҳга бирлашиб, Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган шахслар билан тил бириктириб, 8.000-10.000 АҚШ доллари эвазига, «абитуриент»ларнинг фуқаролик паспортларидаги фотосуратларини қалбакилаштириб, уларнинг ўрнига юқори назарий билимга эга бўлган жиноий гуруҳ аъзолари кириб, тест синовларини ечиб мижоз «абитуриент»ларни ўқишга киритиш билан шуғулланиб келганликлари аниқланган.

Хусусан, 2018 йил июль ойида фуқаро М.С., Ҳ.Ғ., Х.Т., У.У., Ж.А., Л.М., С.У. ларнинг паспортларидаги фотосуратлари ўрнига жиноий гуруҳ аъзолари Ж.Ф., З.Қ., М.Б., С.Н. ва М.М. ларнинг фотосуратларини махсус ускуналар ёрдамида жойлаб, қалбаки фуқаролик паспортлари асосида Тошкент давлат юридик университетига, Ж.А. ни Фарғона давлат унверситетига ўқишга киритиш учун Давлат хизматлари марказлари орқали тегишли хужжатларни қабул комиссиясига юбориб, тест синовларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи ДТМ рухсатномасини олишга эришганлар.

Жиноий гуруҳ аъзоси М.Б. 2018 йил 30 июлда «абитуриент» М.С. ўрнига Тошкент давлат юридик университети қабул комиссиясига ДТМ рухсатномасини олиш учун мурожаат қилган вақтда, тақдим қилган фуқаролик паспортдаги фотосурат қалбаки эканлиги аниқланган. Жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари эса 2018 йил 1 августда Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун ўтказилган тест синовларига қалбаки ҳужжатлар асосида киришган. Тест жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзоси Ж.Ф. давлат имтиҳонларига «абитуриент» У.У. ўрнига кирганлиги аниқланиб, қўлга олинган.

Ёрлиқ