Расман: Мудофаа вазирлиги қўшинлари юқори жанговар шайлигини текширишнинг комплекс тадбирлари якунланди
Текширув давомида қўшинлар республикадаги саккизта дала ўқув майдонларида амалий машқлар бажарди.
Олдин хабар берилганидек, Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг фармойишига биноан 26 ноябрь эрта тонгда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини текшириш учун бошланган кенг кўламли ўқув машғулотлари беш кун давомида ўтказилди. Текширув давомида қўшинлар республикадаги саккизта дала ўқув майдонларида амалий машқлар бажарди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, бугун, 30 ноябрь куни вазирлик қўшинлари юқори жанговар шайлигини текширишнинг комплекс тадбирлари якунланган.
«Оғир юк машиналари ва жанговар техникалардан иборат колонналарнинг ҳарбий қисм ҳудудларига автомобиль йўллари орқали қайтарилиши муносабати билан, шунингдек, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги фуқаролардан ҳаракатланувчи колонналарга халақит бермасликни, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш ва йўл-патруль хизмати ходимларининг талабларини сўзсиз бажаришни сўрайди», — дейилади хабарда.