Давлат хавфсизлик хизмати афғонистонлик икки наркокурьерни героин партияси билан қўлга олди
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари афғонистонлик икки наркокурьерни героин партияси билан қўлга олди.
Афғонистон фуқаролари — 40 ёшли Зулайҳо ва унинг 22 ёшли укаси Муҳаммад Акром Деҳқонзода «Ҳайратон» кўпригини кесиб ўтган вақтдан буён кузатув остига олинган. Улар дастлаб автомобилда Термиздан Самарқандга отланган, у ерда меҳмонхонада тунаб, эртаси куни Жиззахга етиб келган.
У ерда улар ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган. Уларнинг меҳмонхона хонаси кўздан кечирилганда йўл сумкаларига бекитилган 1,5 килограммдан ортиқ героин топилган.
Бундан ташқари, сўроқ чоғида аниқланишича, Зулайҳо Деҳқонзода яширинча ўтказиш мақсадида героиннинг бир қисмини ютган. У Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Жиззах филиалига келтирилган, у ерда текширувдан ўтган. Тиббий процедура ёрдамида унинг қорин бўшлиғидан 27 та капсулага солинган 111,42 грамм героин чиқариб олинган. Шу тариқа, ашёвий далил сифатида улардан 1,6 килограммдан зиёд наркотик мусодара қилинган.
Зулайҳо ва Муҳаммад Акром Деҳқонзодага нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273 (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) ва 246-моддалари (Контрабанда) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Афғон героинини қабул қилиш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан тегишли текширув тадбирлари олиб борилмоқда.