Ёш оилалар учун ипотека кредитидаги солиқ имтиёзи бекор бўлади
(last modified Mon, 03 Dec 2018 05:30:55 GMT )
декабр 03, 2018 10:30 Asia/Tashkent
  • Ёш оилалар учун ипотека кредитидаги солиқ имтиёзи бекор бўлади
    Ёш оилалар учун ипотека кредитидаги солиқ имтиёзи бекор бўлади

2019 йил 1 январдан бошлаб ёш оилалар ўзлари олган ипотека кредитларини қоплаш учун ўтказадиган иш ҳақларидан ҳам даромад солиғи ушлаб қолиниши мумкин, деб ёзади ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев Telegram-каналида.

Амалдаги Солиқ кодексининг 179-моддаси 30-бандига биноан шу бугунгача ёш оила аъзолари ўзларининг иш ҳақи ва бошқа даромадларини қуйидагилар учун йўналтирганда даромад солиғи олинмасди:

якка тартибда уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун ёки

кўп квартирали уйдаги квартирани реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун.

Солиқ кодексининг таклиф этилаётган ва муҳокама қилинаётган янги лойиҳасида ушбу имтиёз бутунлай бекор бўлмоқда.

Демак, агар ушбу лойиҳа тасдиқланадиган бўлса, 2019 йил 1 январдан бошлаб ёш оилалар ўзлари олган ипотека кредитларини қоплаш учун ўтказадиган иш ҳақларидан ҳам даромад солиғи ушлаб қолинади.

1 январдан бошлаб даромад солиғи барча учун 12% бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, ойига 1 млн сўм кредитга ўтказадиган ёш оила ҳар ой 120 минг сўм зарарга киради. Лекин ўз ўрнида даромад солиғининг кескин камайиши ва пенсия жамғармасига ўтказиладиган 8%ли мажбурий тўловнинг йўқолиши натижасида ходимлар учун фойда бўлишини ҳам эслатиб ўтиш инсофдан бўлар эди, дейилади хабарда.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг лойиҳасида аввалги бир имтиёз сақлаб қолинган. Яъни амалдаги СКнинг 171-моддаси 14-бандида юридик шахсдан — иш берувчидан ёш оилалар аъзолари томонидан уй-жой олиш учун олинган маблағлар жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмас эди ва ўз-ўзидан солиққа тортилмасди.

Бу нима дегани?

Масалан, ёш оила уй олмоқчи, лекин бошланғич бадални тўлашга имкони йўқ. Иш берувчи ходимига аванс сифатида (ёки ссуда тарзида) уй-жой олиши учун 50 млн сўм ўтказиб берди, дейлик. Мана шу 50 млн сўм учун ходим даромад солиғи тўламасди.

Янги таҳрирдаги СКнинг 198-моддаси 13-бандида шу имтиёз сақлаб қолинган, фақат ЭКИҲнинг 2500 баравари миқдорида чеклов ҳам ўрнатилган. Яъни бугунги кун билан ҳисоблаганда иш берувчи томонидан 506 млн сўмгача ўтказилган суммадан даромад солиғи ушланмайди, ундан ортиғи солиққа тортилади.

Лекин бу имтиёзни кредитни сўндириш учун иш ҳақидан ўтказиладиган имтиёз билан адаштирмаслик керак. Юқорида айтилганидек, бу имтиёз фақат уй-жой сотиб олиш учун ўтказиладиган маблағга тааллуқли холос.

Маълумот ўрнида: ёш оилалар учун ипотека кредити билан бир қаторда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун кредит олган шахслар ва уларнинг биргаликдаги қарз олувчи бўлган оила аъзолари томонидан олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирган иш ҳақлари ва бошқа даромадлари учун белгиланган имтиёз ҳам бекор бўлмоқда.

Ёрлиқ