Ўзбекистонда 11 ой давомида инфляция неча фоизни ташкил этгани маълум бўлди
(last modified Mon, 03 Dec 2018 05:40:25 GMT )
декабр 03, 2018 10:40 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда 11 ой давомида инфляция неча фоизни ташкил этгани маълум бўлди
    Ўзбекистонда 11 ой давомида инфляция неча фоизни ташкил этгани маълум бўлди

Жорий йилнинг ноябрь ойида мамлакатнинг истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 2,3%га кўтарилди. Бундан Давлат статистика қўмитаси маълумотлари дарак бермоқда.

Умумий ҳисобда 11 ой давомида истеъмол секторида инфляция даражаси 12,0%ни ташкил этди.

Маълумот учун, 2017 йилнинг ноябрь ойида республика истеъмол секторидаги инфляция даражаси 2,0%ни ташкил этган. Ой давомида умумий нархлар даражасининг ўсишига озиқ-овқат маҳсулотлари 1,5%, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 3,4% ва хизматлар 0,5%га таъсир этган

Ойлик истеъмол нархлари ўзгариши таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётга инфляцион босимларнинг ошиши жорий йилнинг сентябрь ойидан эътиборан кузатила бошланган. Сентябрда ўртача ойлик истеъмол нархлари 1,8%, октябрда 1,3% ва ноябрь ойида 2,3%, сўнгги уч ойликда эса нархлар ўртача кўтарилиши 5,4%ни ташкил этган

Товарлар ой давомидаги умумий нархлар даражасининг ўсишига 2,0%, 2017 йилнинг охирига нисбатан эса 11,3%га таъсир этган.

Нархларининг ой давомида энг юқори суръатларда ошгани январь ойида қайд этилган бўлиб, унда товарлар ўртача 3,0%га қимматлашган. Жорий йилнинг май ва июнь ойларида эса товарларнинг ўртача нархлари даражаси аксинча, пасайганлиги (ой давомида 0,6% ва 0,5%) бевосита мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг мавсумий арзонлашиши билан боғлиқ

2017 йилнинг декабрь ойига нисбатан товарларнинг истеъмол нархлари ўзгариши том маънода умумий ИНИ ўзгариши тенденциясини такрорлайди: қийматнинг максимал даражага етишиши ноябрь ойида (11,3%), минимали эса январда (3,0%) кузатилган.

Жорий йилнинг ноябрида хизматлар нархларининг ой давомидаги ўсиш суръати шу ойдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари кўрсаткичлари даражасидан ортиқроқ бўлди. Хизматлар 3,3%, озиқ-овқат маҳсулотлари 2,7% ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1,2%га қимматлашди.