Ўзбекистонда контракт тўлови учун ўтказилган иш ҳақига солиқ имтиёзи бекор бўлиши мумкин
Амалдаги Солиқ кодексига биноан фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг Ўзбекистон олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган суммалари даромад солиғидан озод қилинар эди.
Энди имтиёз йўқ, дея хулоса қилмоқда ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси катта эҳтимол билан тасдиқланади. Ҳозирги вариантига ўзгариш киритилмаса, унда 2019 йил 1 январдан бошлаб контрактлар учун бериладиган ушбу имтиёз бекор бўлади.
Яъни, иш ҳақингизни ўзингизни контрактингизга ўтказасизми, 26 ёшга тўлмаган фарзандингизнинг контрактига ўтказасизми, барибир даромад солиғи ушлаб қолинади.
Контракт учун бошқа қоида сақлаб қолинмоқда.
Амалдаги СКнинг 171-моддаси 11-бандига биноан юридик шахслар талабаларнинг таълим олиши учун, Ўзбекистон олий ўқув юрти билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган тўловлар даромад сифатида қаралмас ва солиққа тортилмасди.
Яъни бирор юридик шахс ОТМ билан 3 томонлама шартнома тузиш орқали талабанинг контрактини тўлаб берарди. Бунда ўтказилаётган пуллар мақсадли эканлигини кўрсатиш учун шартномада талаба келгусида ушбу ташкилот учун ўқишни битиргач ишлаб бериши кўзда тутиларди.
СКнинг янги лойиҳасида ушбу банд сақлаб қолиняпти, фақат қўшимчасига талаба таълим олиш тугагандан сўнг уч йилдан кам бўлмаган вақт давомида ишлаб беришга мажбур эканлиги расман белгиланди.