2021 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига даромад 2 минг долларни ташкил этади
Молия вазирлигининг прогнозига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 1956 долларни ташкил этади.
Бу ҳақда 5 декабрь куни «Фуқаролар учун бюджет маълумотлари» бюллетини тақдимотида маълум қилинди, дея хабар беради «Turon 24».
2021 йилда мамлакат ЯИМ ҳажми 637,9 триллион сўмни, инфляция даражаси эса 9,9 фоизни ташкил этади. Иш билан банд аҳоли сони 13,2 миллион кишини ташкил этади.
Шунингдек, 2021 йилда мамлакат ЯИМсида қишлоқ хўжалиги улуши камаяди ва 13 фоизни ташкил этади. Хизмат кўрсатиш соҳасининг ЯИМдаги улуши ортади ва 73,5 фоизни ташкил этади. Ҳозирда қишлоқ хўжалигининг ЯИМдаги улуши 17,5 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши эса 45 фоизни (2018 йилнинг 9 ойи мобайнида) ташкил этгади.
Қайд этиш жоизки, Молия вазирлигининг аҳоли жон бошига даромад 2000 долларни ташкил этиши тўғрисидаги прогнозлари базис сценарий асосида ҳисобланган. Бунда нефть ва олтин нархларининг кескин пасайиши, захира валюталарининг девальвацияси, инфляция даражасининг кескин ўсиши каби ташқи эҳтимол ҳисобга олинмаган.
2017 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ 7,7 миллион сўмни (948 доллар) ташкил этганди. Ушбу кўрсаткичга кўра, Ўзбекистон қашшоқ мамлакатлар рўйхатида 8-ўринни эгаллаган.
2018 йилнинг 9 ойи мобайнида аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 894 долларни ташкил этган. Молия вазирлигининг прогнозича, 2018 йилнинг охирига қадар аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 1200 долларни ташкил этиши кутилмоқда.