Ана холооос! Гулнора Каримова Мирзиёев сиёсатига ёрдам беришни истайди
(last modified Tue, 11 Dec 2018 07:05:34 GMT )
декабр 11, 2018 12:05 Asia/Tashkent
  • Ана холооос!  Гулнора Каримова  Мирзиёев сиёсатига   ёрдам беришни истайди

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ислом Каримов ўз онаси Гулнора Каримованинг жамоатчилик ишларига қайтиши мумкинлигига ишора қилган.

Ўз Инстаграм саҳифасида чиқарган баёнотида Ислом Каримов онаси Ўзбекистондаги янги раҳбариятнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини ёзди.

Ёш Каримовнинг Президент Шавкат Мирзиёев маъмуриятига муносабати юмшагандек намоён бўлади.

“Мамлакатимизнинг янги раҳбарияти ташаббусига кўра кўплаб янги лойиҳалар амалга ошириляпти ва улар Ўзбекистонга яхшироқ келажакни таъминлайдиган қудратли базани қуришга имконият беради. Шунинг учун онам молиявий ва жисмоний томондан қўлидан келганича мамлакатдаги янги ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга қарор қилди”, – дейилади баёнотда.

У ўз онаси ўз умри давомида нимаики йиққан бўлса, буни ўзи учун қилмагани, ҳамда мамлакатдаги жараёнларга “молиявий ва жисмоний” ёрдам беришга ваъда беришини маълум қилди.

“Онамнинг ишонишича, ўзгаришлар бугун бошланиши керак, биз ҳар доим узоқ келажакни кутиб яшай олмаймиз”, – дейди Ислом Каримов

Уйидами ё қамоқда?

Айни дамда Гулнора Каримова ўз жазосини турмада эмас, уйда ўтамоқда. Бу ҳақида Би-би-сига икки ишончли манба, хусусан Каримованинг ўғли тасдиқлади.

Каримова ўзининг ҳозирда Лондонда ўқиётган қизи Имоннинг Тошкентдаги квартирасида яшаётгани Ислом Каримов томонидан Би-би-сига билдирилди.

Июнь ойида Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа “Гулнора Тошкентдан уч соатлик узоқликдаги турма”да сақланаётганини билдирганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтган йил чиқарган баёнотда Гулнора Каримова 2015 йилда фирибгарлик, солиқ қонунчилигини бузиш, хорижий валютани яшириш, савдо қоидаларини бузиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва жиноий йўл билан олинган даромадларни қонунийлаштиришда айбдор деб топгани айтилган.

Прокуратура баёнотига кўра, Гулнора Каримова 2015 йилда 5 йилга озодлиги “чекланган”.

Ўтган йил Бош прокуратура Гулнора Каримовага устидан яна бир тергов очилганини хабар қилганди

Озодлиги чекланган

“Озодликни чеклаш” жазоси Ўзбекистон қонунчилигига айнан 2015 йил киритилганини кўплаб кузатувчилар Гулнора Каримовани уй ҳибсида сақлаш ҳаракатлари билан боғлашади.

Жиноят кодексига киритилган янги жазога кўра, озодликни чеклаш суд томони­дан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборатдир.

Бу жазо олти ойдан беш йилгача муддат­га тайинланади.

Гулнора Каримованинг озодликдан чеклаш жазоси 2020 йилда тугайди, аммо Бош прокуратура унга нисбатан яна бир тергов олиб борилаётганини 2017 йилда хабар қилганди.

Бу тергов доирасида Каримованинг миллиардлаб долларни яширгани ўрганилаётгани айтилган. Аммо, Бош прокуратура бу тергов ҳақида маълумот бермаяпти.

                                                                                                           ӮХҲ