Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг диний эркинлик бўйича баёнотига муносабат билдирди
(last modified Wed, 12 Dec 2018 13:43:48 GMT )
декабр 12, 2018 18:43 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг диний эркинлик бўйича баёнотига муносабат билдирди
    Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг диний эркинлик бўйича баёнотига муносабат билдирди

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотига кўра, 2018 йил 11 декабрда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео ўз қарори билан расмий равишда Ўзбекистонни диний эркинликлар масаласида «алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган мамлакатлар рўйхати»дан чиқарди.

Ўзбекистон ТИВ хабарига кўра, у шу тариқа мамлакатнинг диний эркинликларни таъминлаш соҳасидаги муҳим ютуқларини тан олди.

«Бу қарор кутилган эди, сабаби Ўзбекистон ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир кўрсатаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг тарихий босқичидан ўтмоқда. Америка ва бошқа шериклар бир неча бор Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган, мамлакатни ривожлантиришнинг бешинчи устувор йўналиши - «хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш» бўйича амалий ҳаракатлар натижаларини кўриш имконига эга бўлдилар», - дейилади ТИВ хабарида.

11 декабрь куни Хельсинки комиссиясининг Давлат департаменти қарори эълон қилиниши муносабати билан сенатор Рожер Уикер раислигида эшитувлари бўлиб ўтди.

Ҳисобот билан чиқиш қилган элчи Сэм Браунбэкнинг таъкидлашича, «Ўзбекистон янги раҳбарияти ҳақиқатдан ҳам ўзгаришлар жараёнига содиқ ва мамлакатда нафақат диний эркинликлар, балки мажбурий меҳнат ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам муҳим ютуқларга эришилди».

«Ўзбекистонни CPC рўйхатидан чиқариш - ўз вақтида қабул қилинган тўғри қарор. Бу Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар натижасидир. АҚШ Давлат департаментининг Диний эркинликлар бўйича офиси фаолиятининг 20 йиллик тарихида фақат икки мамлакат бундай рўйхатдан чиқарилди: Вьетнам ва энди Ўзбекистон», - дея маълум қилди Глобал жалб этиш институти раҳбари Крис Сайпл. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ўзбекистонни диний эркинликлар масаласида махсус кузатув рўйхатига киритгани хабар берилганди.

Ўзбекистон бундан аввал мазкур рўйхатда «диний эркинликларнинг тизимли, давомий ва жиддий равишда бузилиши»да иштирок этиб келаётган мамлакат сифатида қайд этилар эди.